Адирлар бағрида замонавий шаҳарча қад ростлади

Хўжаобод тумани Хидирша массиви бундан бир неча ой олдин яйдоқ адирлардан иборат эди. Бу ерда қисқа муддатда – тўрт ойда барча инфратузилма иншоотларига эга бўлган замонавий мавзе қад ростлади.
Андижон шаҳри – мамлакатимизнинг аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуди. Шаҳарнинг Мустақиллик маҳалласидаги эски барак шаклидаги ҳовлиларда яқин-яқингача битта хонадонда бир нечталаб оила қийналиб яшаб келар эди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифлари чоғида шаҳар аҳолисининг яшаши учун қулай шароит яратиш, Бош режага мувофиқ эски маҳаллалар ўрнида кўп қаватли турар жойлар барпо этиш бўйича тавсиялар берган эди. Шунга кўра Мустақиллик маҳалласи аҳолиси учун Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, шаҳар ҳудудига қўшиб берилди.Жорий йилда бу ерда “Обод маҳалла” дастури асосида 2 сотихли 220 та уй, оилавий поликлиника, болалар боғчаси, Хотира майдони, маҳалла гузари, кутубхона, ҳаммом, гўзаллик салони ҳамда бошқа савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик корхонаси, маданият маркази қурилди, маҳаллага «Мустақилликнинг 27 йиллиги» деб ном берилди.

Президент мазкур маҳалладаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Янги маҳалла қурилишида аҳоли учун зарур қулайликлар эътиборга олинган. Кўчириб келинаётган оилаларнинг фарзандлари шу ердаги боғчага, мактабга қатнайди, хотин-қизлар тикувчилик корхонаси, маиший хизмат шохобчаларида ишлаши мумкин.

Шавкат Мирзиёев дастлаб янги ҳовли соҳибаси Дилфуза Ҳожиматова хонадонига кириб, оиласининг яшаш шароити билан қизиқди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифидан мақсад одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш, оилаларга имкон қадар кўпроқ енгиллик беришдан иборат эканини таъкидлади.

Тинимсиз меҳнатимиз, изланишларимиз ўз мевасини бера бошлади, халқимизнинг ҳаётга қараши, муносабати ўзгарди. Бу ҳовлиларни қуришни, одамларга шароит қилиб беришни анча ўйладик. Бундай шинам уйларга кўчиб кирган оилалар ҳаётидан мамнун, давлатдан рози бўлади. Энди оилаларга ўзини ўзи боқиш кўникмасини ҳам сингдирсак, одамлар ўз ҳовлисида асалари, парранда боқишни ўрганса, боқимандалик кайфияти йўқолади, яхши яшашга интилиш кучаяди, деди Президент.

Дилфуза Ҳожиматова янги ҳовлида қизлари Фотима ва Зуҳра билан яшайди. Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф оила ҳаётига яна бир қувончли воқеа билан муҳрланишини айтди – эгизакларни ўзлари танлаган олий ўқув юртига имтиёзли киритишга ваъда берди. Бу таклиф катта қувонч билан қабул қилинди.

Вақт кутиб турмайди. Одамларга бугун шароит яратиб бериш керак. Яшаш учун шароит бўлса оилада қувонч, тиним, ҳаловат бўлади, барака ёғилади. Бу ҳар бир ислоҳотнинг асосий мазмунини ташкил этиши лозим.

Президент бу борада мутасаддиларга навбатдаги вазифаларни белгилаб берди. Мазкур маҳаллада иккинчи босқичда қуриладиган 2 сотихли 612 уй, 168 хонадондан иборат 7 кўп қаватли арзон турар жой, 615 ўринли мактаб, 160 ўринли болалар боғчаси ҳам Андижондаги мана шу ўзгаришлар руҳига ҳамоҳанг бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Янги маҳаллада Андижон шаҳридаги “Ферузбек текс” МЧЖнинг тикув корхонаси иш бошлади. 500 хотин-қиз ишли бўлган корхонада 60 дан зиёд турдаги катталар ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йилига 1,5 миллион дона маҳсулот тайёрлаш ва 950 минг долларлик кийим-кечак экспорт қилиш имконига эга корхонада ишчилар учун бепул иссиқ овқат, транспорт хизмати йўлга қўйилган. Бу ҳам хотин-қизларнинг ишга бемалол бориб-келиб, оиласига наф келтиришига ёрдам беради.

Шавкат Мирзиёев корхонада тайёрланаётган кийим-кечак намуналари, тикув цехидаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Кўп иш қилиняпти, булар катта ишларнинг бошланиши, холос, деди давлатимиз раҳбари. Бир-биримизга елкадош бўлсак, кечагидан уч-тўрт баравар кўп ишласак, ўрганишдан чарчамасак, меҳнатимизнинг роҳатини албатта кўрамиз. Халқимизни рози қилиш йўлидаги ишларимиз битта мақсад-муддаога қаратилган – одамларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш. Меҳнат қилиб шу кунларга етдим, эртага болам мендан яхшироқ яшайди, эккан дарахтим мевасидан фарзандларим баҳраманд бўлади, деган ўй-ниятда яшашимиз керак.

Бундай корхоналарни икки-уч баравар кўпайтириш, маҳсулотга бозор топиш бўйича тавсиялар берилди.

Шу ерда Андижон шаҳри Бош режаси асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда Андижон шаҳрида аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қоплаш мақсадида 150 та кўп қаватли уй қурилади. Жумладан, барак типидаги эски уйлардан бўшаган Мустақиллик маҳалласи ҳудудида 9 қаватли 70 та та уй барпо этилади.

Давлатимиз раҳбарига “Andijon sity” қурилиши лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Қарийб 70 гектар майдонда барпо этилиши мўлжалланаётган ушбу шаҳарчада 5 юлдузли меҳмонхона, конгресс холл, қўғирчоқ театри, банк ва бизнес офислар, соғломлаштириш марказлари, кўнгилочар масканлар, кафе-ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жой иморатлари қад кўтаради.

Фитрат кўчасида 7 қаватли 41 та уй, Андижонда мамлакатимизда илк маротаба таунхаус типидаги намунавий уйлар қурилишини бошлаш, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказини реконструкция қилиш, “Обод туман маркази” дастури асосида Марҳамат туманида амалга ошириладиган ишлар, вилоятда ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш борасидаги лойиҳалар тақдим қилинди.

Президентимиз барча лойиҳаларда аҳолининг талаб-эҳтиёжлари ва ҳудуднинг ривожланиш истиқболларини инобатга олиш, қурилишда энергиятежамкор материаллар ва технологиялардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Маҳаллада барпо этилган “Келажак болажонлари” мактабгача таълим муассасаси рус ва инглиз тилларига йўналтирилган бўлиб, бу ерда Президентимиз илгари сурган беш ташаббусни мамлакатимизда биринчи марта боғча ёшидан болалар онгига сингдириш режалаштирилган. 165 ўринли, 2 қаватли муассасада кичкинтойлар учун тасвирий санъат, мусиқа ва спорт, чеварлик, тикувчилик каби тўгараклар мавжуд. Машғулотлар хонасидаги мини компьютерлар болаларни кичик ёшдан ахборот технологияларига ошно этади.

Шавкат Мирзиёев боғчани кўздан кечирар экан, фарзандларимиз маънавиятга ўргатишни боғчалардан бошлаш, бу борадаги ишларни махсус қарор асосида тизимли йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.

Маданият марказида бешта муҳим ташаббус асосида вилоят ёшларининг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, ёш истеъдодларни юзага чиқариш, ўғил-қизларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит яратиш, уларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Чолғисоз уста Абдумалик Мадраимов давлатимиз раҳбарининг ҳар бир уйда дўмбира бўлиши керак, деган ташаббусига мувофиқ олиб бораётган ишлари ҳақида сўзлаб берди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир ташаббус бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

9.JPG
73.JPG
107.JPG

 

Матназар Элмуродов, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА