Президент Термиз халқаро аэропортининг янги терминали билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 6 апрель куни Сурхондарё вилоятига келди.
Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли анжуман арафасида қуриб битказилган Термиз халқаро аэропортининг янги терминалини кўздан кечирди.
Кенг ва баланд қилиб қурилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган ушбу терминал соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Божхона назорати, авиация хавфсизлиги ва багаж олиш жойларида тезкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Кутиш заллари, CIP зоналар, она ва бола хоналари, намозхона, тиббий пункт ва бошқа бўлимларда йўловчиларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Duty Free дўконлари, бепул Wi-Fi хизмати, чет эллик туристлар учун виза олиш сектори ташкил этилган.
4d32c358-eaf4-5ab1-ad00-c2c702b3bc41.jpg
Президентимиз терминалда яратилган шароитларни маъқуллаб, энди бундан самарали фойдаланиш, халқаро рейслар ва чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Янги учиш-қўниш йўлаги барпо этиш лойиҳаси бўйича кўрсатмалар берди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
fb086128-a519-191d-6f35-2729b22d7e6b.jpg
241883f7-4468-60e6-c7da-29e0c69b649e.jpg

 

ЎзА