Нукусда “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг “Намунали милиция таянч пунктлари ўртасида кўрик танловлар ўтказиш тўғрисида” ги қўшма қарори асосида ўтказилиб келинаётган тадбирга барча шаҳар ва туманлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган таянч пунктлари иштирок этди.
– Ушбу тадбир ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш, уларнинг осуда ва фаровон турмуш кечиришларини таъминлашга хизмат қилувчи омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Ш.Аюбов. – Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан давлат бошқаруви идоралари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илғор тажрибаларини кенг миқёсда татбиқ этиш мақсадида ташкил қилинмоқда.
Танлов якунига кўра, Элликқалъа тумани “Қирққиз” овул фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 190-сонли ички ишлар органларининг таянч пункти энг намунали деб топилди.
Нукус шаҳри “Чимбой чойхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 8-сонли ички ишлар органларининг таянч пункти 2-ўринни, Чимбой тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 165-сонли ички ишлар органларининг таянч пункти 3-ўринни қўлга киритди.
Тадбирда шунингдек, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Адолатли яраштириш комиссияси”, “Энг фаол ёшлар етакчиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланди.
Есимхон Қаноатов, ЎзА