Қизилмия томирини қўпорувчилар бир ярим ойда 41 миллион сўмлик зарар етказди.
Қизилмия ўсимлиги, унинг томири кўпгина ишлаб чиқариш корхоналари учун муҳим аҳамият касб этувчи хомашё экани, халқаро бозорда унинг ҳар бир тоннаси камида 700-1000 долларга сотилиши ва бу ўсимликнинг томири ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасининг экспорт қилинувчи асосий бойлиги эканлиги барчага маълум.
Лекин, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси ва бошқа тегишли идораларнинг олиб борган профилактик тадбирларига қарамасдан, айрим фуқароларимиз томонидан ноқонуний тарзда қизилмия томирини қўпориб, экскаваторлар ёрдамида қазиб олиш каби қонунбузиш ҳолатларини давом этмоқда.
– Қизилмия ўсимлиги томири орқали экилиб, 70-80 кун ўтгандан сўнг унинг баландлиги 15-20 сантиметрга етганида биринчи суғориш ишлари олиб борилади, – дейди қўмитанинг етакчи мутахассиси А.Айдарбеков. – Қизилмия ўсимлиги томири орқали экилса, орадан 4-5 йил ўтиб, уни йиғиб олиш мумкин. Унинг томирининг ҳосилдорлиги гектарига 15-20 тоннагача бўлади. Агар тухуми орқали экилса, унинг томири 9-10 йилдан сўнг етилади.
Қизилмия томирини йиғиб олиш тартиби, март ойининг иккинчи ярими ва куз мавсумининг октябрь ва ноябрь ойларига тўғри келади. Қаттиқ иссиқда йиғиб олинган қизилмия томири куннинг иссиғида бўртиб ўзидан ёқимсиз ҳид чиқаради ва чириб кетади. Шу боис, томир ўзининг яроқлигини йўқотади. Шунингдек, қизилмия томирини қиш мавсумида ҳам йиғиб олиб бўлмайди. Сабаби, қишда йиғиб олинган томир куннинг қаттиқ совуғида совқотиб, нобут бўлади. Натижада томир қорайиб, яроқсиз ҳолга келади.
Бундан ташқари, қизилмия томирини экскаватор ёрдамида қўпориб олиб ҳам бўлмайди. Чунки, экскаватор ўша ердаги ўсимликнинг томирини тўлиқ йиғиб олади. Иккинчидан, экскаватор билан олинган ер майдонида иккинчи марта томир ўсиб чиқмайди. Шунинг билан бирга, ер қаърида ётган тузни ер юзасига чиқариб, тупроқ тепа қисмининг шўрланиш миқдори кўпайишига олиб келади.
Ушбу жиҳатлари кўрсатилган ҳолда қизилмия томирини қазиб олиш билан шуғулланувчи муассасаларга қатор таклиф ва кўрсатмалар берилди.
Лекин, берилган таклиф ва кўрсатмаларга қарамасдан, уни бажармай, айрим муассасалар ва фуқаролар қизилмия томирини ноқонуний тарзда ёки белгиланган тартибга риоя этмасдан қўпориб олиш ишларини давом эттирмоқда.
Жумладан, қиш мавсуми бўлишига қарамасдан, жорий йилнинг январь ва февраль ойининг дастлабки ўн кунлигида қўмитанинг Биокўпхилмахиллик ва ҳимояланадиган табиий ҳудудларни қўриқлаш бўлими томонидан шундай қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 63 та ҳолат аниқланди. Улардан 20584 килограмм қизилмия томири ашёвий далил сифатида олиниб, уларнинг табиатга ва давлатга келтирган зарари 41 729 941,8 сўмга баҳоланди. Шундан, 30 668 994 сўм ундирилган.
Масалан, жорий йил 13 февраль куни қўмитамиз инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида, Кегейли тумани “Эркиндарё” ОФЙ ҳудудида фуқаро С.Б. Э-100 трактори плуги ёрдамида қизилмия ўсимлигининг томирини қўпораётгани аниқланди. Тегишли ҳужжатлари сўралганида кўрсата олмади. Қизилмия томирлари (1104 килограмм) тегишли тартибда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Унинг ўсимлик дунёсига келтирган зарари 2 238 139,2 сўмга баҳоланди.
Қизилмия томири билан шуғулланувчи завод, корхона ва уни экспорт қилувчи тадбиркорлар фаолияти маълум бир режа асосида юритиб, уни кўпайтириш билан шуғулланса мақсадга мувофиқ бўларди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
ЎзА