Шавкат Мирзиёев: Аҳолининг ҳар бир мурожаати эътиборда бўлади

Давлатимиз раҳбари Мирзачўл туманидаги янги қурилган Давлат хизматлари марказида яратилган шароитлар билан танишди.

Бундан тўққиз ой олдин мазкур марказ ўрни ташландиқ жой бўлган, ўтган қисқа вақт мобайнида замонавий марказ биноси қад ростлади, қури-лиш ва бунёдкорлик ишларига 5 миллиард 740 миллион сўм маблағ сарфланди.

Марказ бир кунда 200-250 мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Эндиликда бу ерда тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш, нотариус, ФҲДЁ бўлими, паспорт бериш ва алмаштириш каби 103 хизмат тури кўрсатилади. Шунингдек марказда кутубхона, никоҳдан ўтувчилар учун тантаналар зали, инвесторлар хонаси ташкил қилинган. Бу ерда тадбиркорлар юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар, Ўзбекистонда бизнесни очишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот олиши мумкин.

Бундан ташқари, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, фуқаролик паспортини олиш ва алмаштириш учун зарур бўлган техника билан жиҳозланган.

«Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилига мувофиқ, янги тизим Президентимизнинг «Халқ давлат идораларига эмас – давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоясини сўзсиз амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Давлат хизматлари фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг ҳам вақти, ҳам маблағини тежашга хизмат қилади. Аҳоли томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат эътиборда бўлади, – деди Президент.

6d1222cb-59aa-444e-7cf4-6643381403f6.jpg

72cc1b3b-672d-47c4-903a-dbb2864a585e.jpg
0ec5aee1-77a5-43b5-107d-63650d6706cb.jpg

 

Улуғбек Асроров, ЎзА