Манфаатли алоқалар ҳамкорликни юксалтиради

Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳукумат аъзолари,вазирлик ва идоралар раҳбарлари, йирик компаниялар, ҳудудий ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири уларнинг айримларидан интервью олди.

Аваз ХЎЖАЕВ, Сирдарё вилояти ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари:

– Қадимдан юртимизда савдо-сотиқ яхши ривожланган. Буюк ипак йўли тарихига назар ташласак, савдо ҳамкорлиги кенг тараққий этганига гувоҳ бўламиз. Аждодлар анъанасига мувофиқ, бугунги кунда ҳам юртимизда тадбиркорлик ривожланган, соҳага кенг эътибор қаратилмоқда. Бу борада инвесторларни жалб этиш яхши самара бермоқда.

Қозоғистон – Ўзбекистон ҳамкорлик форумида инвесторлар билан музокаралар олиб бордик. Улар мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитига катта қизиқиш билдириб, биз билан ҳамкорликка тайёр эканини айтди. Жумладан, “Новопэк” компанияси билан қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг 2 лойиҳани амалга оширишга келишиб олдик. Икки томонлама савдо уйини очиш бўйича таклифлар ҳам қўллаб-қувватланди.

Мазкур форум вилоятимизга инвесторларни жалб қилиш, шу орқали янги иш ўринларини яратишга, демакки, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тимур ДУЙСЕНГАЛИЕВ, “Кazak tourism” миллий компанияси раиси ўринбосари (Қозоғистон):

– Туризм иқтисодиётнинг янги, ўзига хос бўғини саналиб, ҳар бир мамлакатнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим секторга айланди. Бугунга қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида туризм йўналишида бир қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Айниқса, ўтган қисқа фурсат ичида чегаравий масалаларда ҳам ижобий келишувга эришилгани бу борада муҳим омил бўлди.

Халқаро тажрибага кўра, туризм истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда, шу орқали янги иш ўринлари яратишда асосий роль ўйнайди. Ўзбекистонда ҳам туризмни кенг кўламда ривожлантириш учун давлат томонидан бир қатор туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Туризм соҳасида фаолият юритаётганим учун бу жараённи доимий кузатиб бораман. Ушбу форумни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳамкорликда лойиҳаларни қайта кўриб чиқишдир. Бундай ижобий ҳамкорлик иқтисодиётимиздаги ўсиш суръатини таъминлайди.

Ислом ЖАСИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари:

– Форумда Қозоғистонда мамлакатимизнинг савдо уйларини ташкил этиш бўйича келишиб олдик. Савдо уйлари тадбиркорлар учун яхши имконият яратади, ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу боис, биз бу таклифларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ишбилармонларимиз қозоғистонлик тадбиркорлар билан манфаатли шартномалар имзолади. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишиб олдик.

Сабира ИСАЕВА, “Kainar-AKB“ компаниясининг маркетологи (Қозоғистон):

– Компаниямизда турли хил сиғимдаги аккумуляторлар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотимизни Германия, Польша, Португалия, Украина, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистонга экспорт қилмоқдамиз. Жумладан, жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистонга 80 минг 728 дона аккумулятор экспорт қилдик.

Ҳамкорлик форумида Ўзбекистонда компаниямизнинг филиалини очишга келишиб олдик. Келишувимиз амалга ошса мингга яқин янги иш ўрни яратамиз. Бундан биз ҳам манфаатдормиз.

Расул СОДИҚОВ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раисининг маслаҳатчиси:

– Форумдаги иштирокимиздан кўзланган мақсад – сифатли маҳсулотларимизни тақдим қилиб, дўстона ҳамкорликни йўлга қўйиш, Қозоғистонга ҳам арзон, ҳам сифатли маҳсулот етказиб бериш, экспорт ҳажмини ошириш.

Айтиш жоизки, ҳар қандай истиқболли лойиҳа заҳматли меҳнат талаб қилади. Шу маънода, биз пахтани тола ҳолида эмас, балки тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйдик. Бугунги кунда турли ёшдагилар учун тайёр кийим маҳсулотларини ишлаб чиқариб, жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилаяпмиз.

Қозоғистонда уюшмамиз тизимидаги 20 га яқин корхона ўз савдо уйига эга. Ушбу форумда хорижий давлатларга йўналтирилган тайёр маҳсулотларимиз намуналари билан қатнашмоқдамиз ва янги келишувларга эришишга ишончимиз комил.

 
 
 
Ғайрат Ширинов
ёзиб олди.
Қозоғистон, Чимкент шаҳри.

 

ЎзА