Ҳадис илми мактаби: буюк алломаларимиз анъаналарини тиклашдаги янги одим

Турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда юртимиздан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни халқимизга етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Президентимиз 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида долзарб минтақавий ва глобал муаммолар ечими юзасидан фикрлар билдирар экан, жумладан, бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, уни зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирмаслик зарурлиги, Марказий Осиёнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб ёрқин намояндалари, жумладан Имом Бухорий бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида тарбиялаш, ёшларни зўравонлик ғояси “вируси”дан ҳимоя қилишни энг муҳим вазифалар сифатида таъкидлаган эди.
Юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотлар, хусусан, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуслари билан буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан ҳадис мактабларига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.
“Ҳадис илмининг султони” номини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, ислом дини эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади.
Буюк алломаларимиз асос солган ҳадис илми анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.
Янги ташкил этилган Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
– ислом динининг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш, ижтимоий, ахлоқий масалалар ҳамда ёшлар тарбиясига доир манбаларни кенг ёритиш ва тарғиб қилиш орқали “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида фаолият олиб бориш;
– ҳадис илми асосларини чуқур эгаллаган, унга оид тадқиқотлар билан яқиндан танишган ва соҳадаги замонавий муаммоларни ҳал қила оладиган, шунингдек, бу борада илмий изланишлар олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш;
– Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳияти, ҳадис мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва юртимиздан етишиб чиққан бошқа муҳаддис алломалар меросини ҳар томонлама ўрганиш ва улар асосида илмий-тадқиқот ва таржима ишларини олиб бориш;
Бу илм даргоҳининг ўзига хос жиҳати шуки, унда “Сиҳоҳи ситта” яъни бутун дунё олимлари томонидан “Олти ишончли тўплам” деб эътироф этилган ҳадис китоблари тўлиқ ўқитилади.
Ҳадис илми мактабида Қуръон карим, фиқҳ, ақоид, тафсир, ислом тарихи, араб тили ва бошқа фанлар бўйича чуқур билимлар берилиши билан бир қаторда, ҳадис ва унга оид илмлар ўргатилади.
Жумладан, “Ҳадис”, “Мусталаҳул ҳадис” (Ҳадис истилоҳлари), “Ҳадис ва шарҳ, “Аҳкомул-ҳадис” (Ҳукм олинадиган ҳадислар шарҳи), “Жарҳ ва таъдил” (Ровийларни ҳолатлари тўғрисидаги фан), “Тахриж ва диросатул асонид” (Ҳадис иснодларини чиқариш ва ўрганиш), “Илалул ҳадис” (Ҳадис иллатлари ва уни заиф қилувчи сабаблар) каби мутахассислик фанлари ўқитилади.
Албатта мутахассислик фанлари қадимги Самарқанд, Бухоро диний таълим тизими анъаналарига мувофиқ тарзда, юртимизда минг йиллар давомида ўқитилиб келинган мўътабар дарслик ва ўқув китоблари асосида ўргатилади.
Шунингдек, Ҳадис илми мактаби битирувчилари республикадаги диний таълим муассасаларида ҳадис ва унга оид фанлардан дарс бериш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланган Ҳадис илми мактаби истиқболда мусулмон мамлакатларидаги Ҳадис мактаблари билан рақобатлаша оладиган таълим масканига айланишига, қадимдан ҳадис илми ҳамда муҳаддислар маркази бўлиб келган Мовароуннаҳрнинг аввалги шон-шуҳратини қайта тиклаши ва ривожлантиришига умид қиламиз.
Уйғун Ғафуров,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти ректори​

 

ЎзА