Жарангдорлик ортидаги хавф исканжаси

«Трамадол», «Лирика»… Гўёки жарангдор ва безарар туюлган ушбу психофаол препарат номлари остида аслида жиддий хавф ётади. Сўнгги пайтларда ўрганиш ҳамда тобелик келтириб чиқарувчи наркотик таъсирга эга бу препаратлар ва уларнинг аналогларини истеъмол қилиш, айниқса, ёшлар орасида кўпайиб бормоқда.
Ушбу препаратлар инсон саломатлигига жиддий зарар етказишидан ташқари, бошқа салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Хусусан, ёшларнинг гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши жараёнига кириб қолишида биринчи қадам ҳисобланади. Йигит-қизлар бу препаратлардан сўнг бошқа кучлироқ гиёҳванд моддаларни ҳам татиб кўрмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Афсуски, психотроп таблеткалар таъсири остида оғир жиноятлар содир этиш ҳолатлари кам эмас. Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеороликлар «Трамадол» ва «Лирика» препаратлари гўёки зарарсиз экани тўғрисидаги фикрлар ёлғонлигини исботламоқда. Психотроп моддалар таъсирида инсонийлик қиёфасини йўқотган ёшлар билан боғлиқ тасвирлар кишини ташвишга солади. Таркибида наркотик моддалар бўлган бу хилдаги препаратлар дорихоналарда тегишли ҳужжатлар ва шифокор тавсиясисиз сотилиши аҳолини жиддий хавотирга солмоқда.
Афсуски, айрим дорихоналар ходимлари шахсий бойлик орттириш мақсадида ушбу кучли таъсир этувчи дори воситалари зарарлилигини била туриб сотмоқда. Шунингдек, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Шуҳрат чорраҳаси ва «Фарҳод деҳқон бозори» атрофида ҳам мазкур хавфли таблеткалар савдоси кенг йўлга қўйилган эди. Ана шундай ноқонуний ҳолатлар республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.
Бу хавфли тенденцияга ўз вақтида чора кўриш мақсадида мамлакатимизда гиёҳванд моддалар, жумладан, психотроп ва кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқаролар соғлиғига зарар етказувчи хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди.
Мазкур қонунга мувофиқ, 2018 йил 27 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, гиёҳванд моддалар ва психотроп воситалар рўйхатига «Трамадол», «Баклосан» каби бир нечта психофаол препаратлар киритилди.
Мутахассислар хулосасига кўра, “Трамадол” сингари препаратлар гиёҳванд моддаларнинг синтетик аналоги бўлиб, у мунтазам равишда қабул қилинмаса ҳам тобеликка олиб келади. Шунингдек, инсоннинг марказий асаб тизими ва ички органларининг жиддий шикастланишига ҳамда ногирон фарзандлар туғилишига сабаб бўлади. Бу турдаги препаратларни шифокор назоратисиз мунтазам истеъмол қилиш ҳатто ўлим билан тугаши ҳам мумкин.
Қабул қилинган қонун ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда республикамизнинг барча ҳудудларида психотроп ва кучли таъсирга эга фармокологик препаратларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ҳамда фаолиятига чек қўйиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди.
Натижада қисқа муддат ичида 150 дан ортиқ шахс қўлга олинди, умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган, хусусан, 61 500 дона «Трамадол», 4 500 дона «Лирика», қарийб 5 800 дона “Баклосан” препарати ва бошқа дори воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.
Ушбу психотроп препаратлар мамлакатимизга контрабанда йўли билан, божхона ва чегара қоидаларини бузган холда, қўшни республикалардан олиб кирилаётгани аниқланди. Уларда махсус сертификат ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар йўқлиги маълум бўлди.
Ҳозирда аниқланган ушбу ҳолатлар бўйича терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда. Қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррар.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарияти томонидан ёш авлодни ушбу хавфдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий база такомиллаштириб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур тақиқланган психотроп воситалар савдосига барҳам бериш борасида тегишли чора-тадбирларни кўрмоқда.
Лекин биз – ота-оналар, маҳалла-кўй, ўқитувчи ва мураббийлар фарзандларимизга етарли даражада эътибор қаратмас эканмиз, давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар кутилган натижани бермайди. Бир сўз билан айтганда, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда барчамиз огоҳ ва муросасиз бўлишимиз керак.​

 

ЎзА