Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси иш бошлади.
Бадиий академия томонидан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилига бағишлаб ташкил этилган мазкур йирик халқаро маърифий лойиҳанинг очилишига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, юртимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, санъат ихлосмандлари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Биенналенинг очилишида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий маданият ва санъатимизни қўллаб-қувватлаш ва равнақ топтириш, ижодий ташкилотлар фаолиятига елкадош бўлиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, зиёлилар меҳнатини қадрлаш, ёшлар истеъдодини юзага чиқариш, уларга кўмаклашиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси маънавий ҳаётимизни янада юксалтиришда, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузи ортишида, маданий мулоқотлар қамровининг кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу йилги замонавий санъат биенналеси “Санъат ва технология. Тасдиқ ва инкор“ деган рамзий шиор остида ташкил этилгани бежиз эмас. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддиновнинг таъкидлашича, мазкур маърифий лойиҳа бугунги шиддатли техник тараққиёт даврида мусаввирларнинг ижодкор сифатида жамиятдаги ўрни, вазифаси, бурчи ва масъулияти нималардан иборат эканига ойдинлик киритишга қаратилгандир.
– Бу каби тадбирларнинг Ўзбекистонда доимий ташкил этилаётгани ажойиб ғоя, – дейди россиялик рассом, VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси ҳакамлар ҳайъати раиси Дмитирий Булатов. – Лойиҳа мусаввир ва дизайнерлар, ҳайкалтарошлару санъатшунослар билан бирга маданият ва санъатга оид ташкилотларни бирлаштиради. Унинг самараси дарров кўринмаслиги мумкиндир, лекин вақт ўтган сари ўз натижасини, албатта, беради. Тошкент биенналесини ёқимли шабадага қиёслаш мумкин. У янги фикрлар, ғоялар, янги асарларнинг яралиши учун зўр имкониятдир.
– Ижодий лойиҳанинг илк куниданоқ Ўзбекистонда тасвирий санъат ривожига, рассомларнинг эркин фаолият кўрсатишига, ижодкор ёшлар сафини кенгайтиришга, улар учун керакли бўлган ҳамма имкониятлар эшиклари очиш йўлидаги амалий эътиборга ўзимиз гувоҳ бўлдик, – дейди македониялик рассом Игор Йосифов. – Ушбу халқаро кўргазмада инсон ҳар қандай глобаллашув шароитида ҳам ўз маънавий қиёфасини, инсонийлигини сақлаб қолиши зарурлигига оид ишим билан қатнашмоқдаман. Уни ўзбекистонлик санъат мухлислари қандай қабул қилиши мен учун жуда муҳим.
VIII халқаро Тошкент биенналеси замонавий санъатнинг ривожланиши масалалари бўйича анжуман ҳамда юртимиз ва чет эллик ижодкорлар ишларидан иборат кўргазма билан бошланди.