Ўзбекистон-Қозоғистон: маданий ҳамкорлик давом этади

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида “Ўзбек тили, маданияти ва урф-одатлари” фестивали бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистоннинг барча вилоятларидан келган турли миллат вакиллари қаторида мамлакатимизнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат делегацияси ҳам иштирок этди.

Фестиваль доирасида ўзбек миллатига мансуб қозоғистонлик тадбиркорлар маҳсулотлари, амалий санъат усталари ижодий чиқишлари, ўзбек миллий таомлари ва нон фестивали ташкил қилинди. Ўзбек миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида акс эттирган саҳна кўринишлари, бободеҳқонлар етиштирган сархил мева-сабзавотлар ярмаркаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда бирдамлик рамзи сифатида спорт мусобақаси ташкил қилинди. Туркистоннинг “Ўрдабоси” ҳамда Ўзбекистоннинг “Пахтакор” футбол клубининг фахрийлардан таркиб топган жамоалари майдонга тушди.

Кўтаринки руҳда ташкил этилган тантанада Туркистон вилояти ҳокими Жансейит Тўймебаев сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Феруз Беков икки давлат ўртасида турли соҳаларда алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, бу борада Қўмита олдида турган вазифалар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистонлик ёш истеъдод эгаларининг бадиий чиқишлари, янграган куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

Фестиваль доирасида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўзбекистонлик санъат усталари “Жамоат фидойиси” фахрий медали билан тақдирланди.

photo5285113470439762290.jpg
photo5285113470439762291.jpg

 

ЎзА