ОНЛАЙН: Ички ишлар органларида кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш зарур

Эртага очилиши кутилаётган ялпи мажлис олдидан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари, амалиёт ва муаммолар» мавзуида конференция ташкил этилди.

Унда сенаторлар, ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта таълим вазирликлари мутасаддилари, Ёшлар иттифоқи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Қўмита раиси Ф.Дадахўжаев Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органларини ҳар томонлама салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасидаги ташаббуси биланёшларни ички ишлар органларига тайёрлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилганини қайд этди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимидаги 14 академик лицей, касб-ҳунар коллежлари бино ва иншоотлари, моддий-техник воситалари ҳамда ходимлартаркибини сақлаб қолган ҳолда Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Ушбу муассасаларда 7минг 800дан зиёд ёшлар ўқитилмоқда. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги Академиясида тўрт йўналишда малакали кадрлар тайёрланаётир.

Шу билан бирга, тизим ривожига тўсқинлиқ қилаётган айрим муаммолар йўқ эмас. Конференция иштирокчилари ички ишлар органларига кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйиш, кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш борасида амалдаги механизмларни такомиллаштириш, вазирлик тизимида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шахсий таркибни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ходимлар ўртасида турли фавқулодда ҳолатларнинг ва ноўрин хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан ишларни самарали ташкил этиш, хизмат интизомини бузиш, қонунийликка риоя қилмаслик ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини янада жонлантириш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама чоғида ички ишлар органларида тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш, ички ишлар органларига ишга қабул қилиш тизимининг шаффофлигини таъминлаш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни кучайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА