​Оиланинг ижтимоий-демографик муаммолари олимлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг “Оиланинг ижтимоий-демографик муаммолари” мавзусида Республика илмий-амалий анжуманини ўтказилмоқда. Конференцияни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова кириш сўзи билан очиб берди. 
 
photo5285266358390598070.jpg
“Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган ушбу конференцияда давлат ва нодавлат, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мазкур илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда оила ва оилавий қадриятларнинг ижтимоий-иқтисодий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ривожланишига демографик омилларини илмий-амалий ўрганиш ва аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Конференцияга оила масалалари хусусида илмий-амалий изланишлар олиб бораётган олимлар, тадқиқотчиларнинг 70 дан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди.
Конференция иштирокчилари ялпи мажлисдан кейин секцияларга бўлинган ҳолда “Оила ривожланиши ва оилавий муносабатларга таъсир кўрсатувчи демографик омиллар”, “Замонавий жамиятда оила фаровонлигига эришиш масалалари”, “Оила мустаҳкамлиги ва авлодлараро муносабатларнинг ижтимоий ва психологик жиҳатлари”, “Фаровон жамиятда ота-оналик ва оила қадриятининг ўрни муаммоси”, “Демография ва оила сиёсатининг меъёрий-ҳуқуқий таъминланиши масалалари” каби йўналишдаги мавзуларда қизғин муҳокама ўтказмоқда.
Анжуманда бир қатор мавзуларда баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма хиллигига асосланган чиқишларга кенг ўрин берилди. Хусусан, “Ота-оналар педагогик маданиятини оширишнинг долзарб масалалари”, “Ўзбекистонда оиланинг демографик ривожланиши: бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Оила мустаҳкамлиги ва демографик масалаларнинг ўзаро боғлиқлиги”, “Оила шаклланишининг демографик хусусияти” каби қатор долзарб мавзулардаги тақдимотлар ўтказилди.
Сўзга чиққанлар томонидан тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида таклиф-тавсиялар баён этилди. Шунингдек, оилавий муносабатларга доир фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар, тортишув ва муҳокамаларга бой ўтган илмий-амалий анжуман юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Конференцияга тақдим этилган энг долзарб мақолалар кенгаш тавсиясига биноан илмий тўплам ҳолида чоп этилди.

 

И.Аҳатова, ЎзА​