Карманалик ўқитувчи Д. Қудратованинг мактаб директори томонидан асоссиз равишда дарс соатлари қисқартирилганлигидан норози бўлди. У Адлия вазирлигининг онлайн мурожаат акцияси давомида бу ҳақда маълум қилди. Мурожаат Кармана тумани адлия бўлими томонидан тезкор ўрганиб чиқилди. Ўқитувчининг арзи асосли бўлгани учун бу масала адлиянинг аралашуви билан ижобий ҳал этилди. Фуқаро Д. Қудратовага 13 соат дарс тайинланиб, у синф раҳбарлигига қайта тайинланди.

-Инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказилган онлайн мурожаат акциясида шу каби 620 дан ортиқ мурожаат тушди, – дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева.- Мурожаатларнинг асосий қисми шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя этиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқининг кафолатлари ҳамда ижтимоий таъминот ва мулк ҳуқуқига оид бўлди. Мурожаатларнинг 255 таси қаноатлантирилган бўлса, 323 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 42 таси эса тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди.

429 мурожаат бевосита туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилиб, 26 қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Акция доирасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 16 тақдимнома ва 2 огоҳнома киритилган бўлса, судларга 51 миллион сўмдан ортиқ суммага 3 даъво аризаси киритилди. Шунингдек тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маъмурий жавобгарлик билан боғлиқ тўрт, жиноий жавобгарликка тортишга оид битта таклиф юборилди.

Фуқаро З. Сариеванинг мурожаати жойига чиқиб ўрганилмаганлиги ва унга ўз вақтида жавоб берилмагани учун С. Дўсовга нисбатан Тўрткўл тумани адлия бўлими томонидан баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Шу каби мурожаатни кўриб чиқиш тартибини бузган Ш. Ҳафизовга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Бойсун тумани адлия бўлими томонидан судга юборилди.

Акция доирасида Янгибозор тумани адлия бўлимининг 2018 йил 25 августдаги 92-сон тақдимномасига асосан фуқаро Г.Қўчқорова Янгибозор тумани ДСЭНМга аввалги лавозимига ишга тикланди.

Бундан ташқари, акция давомида фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан бу каби онлайн акция доимий равишда ўтказиб борилади.

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА