Мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш акцияси фақат жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелидаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, шу жумладан, бир марталик умумдавлат акциясининг ижросини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Геоинфоком” ДУК томонидан “KADASTR XIZMATI 2.0” автоматлаштирилган ахборот тизими (ААТ) ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.
2019 йилнинг 1 май санасига қадар “KADASTR XIZMATI 2.0” ААТ сервислари ёрдамида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун тегишли давлат органларидан рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади.
Алоҳида қайд этиш жоизки, мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш акцияси фақат жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан қўлланилади. Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг нормалари кўп қаватли турар-жой бинолари, уларга ёндош участкалар ҳамда нотурар жой объектларини қамраб олмаслиги ҳам белгилаб берилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари “KADASTR XIZMATI 2.0” ААТ воситасида тегишли давлат ташкилотлари билан самарали идоралараро электрон алоқани амалга оширмоқдалар.
“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси
матбуот хизмати
ЎзА