Турли бизнес режалар ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошишида кредитлар ажратиб келаётган тижорат банклари, сўнгги пайтларда тезкор ва замонавий банк xизматлари турларини кўпайтиришга ҳам муҳим вазифа сифатида қарамоқдалар.
Аҳолига қулайлик яратиш ва замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида “Қишлоқ қурилиш банк” ҳам “Миробод” деҳқон бозорига яқин ҳудудда янги шохобча биносини қуриб, ишга туширди.
24/7 режимида, кечаю кундуз, банк ходимисиз узлуксиз хизмат кўрсатадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчаси пойтахт аҳолиси учун Мустақиллик байрамига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Шохобча замонавий хизмат кўрсатувчи инфокиосклар, банкоматлар ва инфомониторлар билан жиҳозланган.
Фуқаролар бу ерда куннинг исталган вақтида сўм пластик карталаридаги маблағларни нақдлаштириб олиши мумкин.
Шунингдек, “Қишлоқ қурилиш банк” мижози бўлган юридик шахслар банк филиалларига бормасдан, шохобчанинг ўзида пул ўтказиш билан боғлиқ амалиётларни бажариши учун барча имкониятлар яратилди.
Шохобча фаолияти билан қизиқсангиз, бориб, хизматлардан фойдаланиб кўринг. Халқимизда “Юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал…” нақли бежизга айтилмаган.
ЎзА