Пахта мавсумида 200 нафар профилактика инспектори мажбурий меҳнатга қарши курашади

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев ва бошқалар кутилаётган пахта йиғим-терими билан боғлиқ ташкилий масалалар устувор вазифалардан бири экани ва мавсумда фуқароларни мажбуран пахта далаларига олиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани, бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида махсус ишонч тармоқларини ишга туширмоқда. Эндиликда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда вазирликнинг @mehnathuquqbot телеграм тармоғига хабар йўллаш ёки 200-06-01 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин. Ҳар бир мурожаат бўйича тезкор чора-тадбир кўрилади. Бундан ташқари, пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва ихтиёрий равишда пахта теримига чиқиш истагида бўлган фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун @terimuzbot телеграм тармоғи ҳамда terim.uz сайти фаоллаштирилди.

– Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати кузатилганда фуқаролар юқоридаги телеграм тармоғи орқали исм-шарифини кўрсатмасдан фақат телефон рақамини киритган ҳолда манзиллари ва воқеа ҳолатини акс эттирган ҳолда мурожаатни йўллаш мумкин, – деди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев. – Шундан сўнг, келиб тушган мурожаат тегишли тартибда ўрганилади ва ҳуқуқбузарлик аниқланса, мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсга нисбатан чора кўрилиб, лавозимидан озод этилади. Бундан ташқари жорий пахта мавсумида республика бўйича 200 нафар профилактика инспектори мажбурий меҳнатга қарши курашади.

Матбуот анжуманида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Журналистлар қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 

Даврон Суннатов, ЎзА