Ўзбекистон – байналмилаллик ва бағрикенгликка асосланган мамлакат

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистонда Ирқий камситишнинг барча турларини йўқотиш бўйича БМТ Конвенциясининг бажарилиши: халқаро ва миллий стандартлар” мавзуида ўтказилган халқаро анжуманда миллатлараро муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши масалалари муҳокама этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, дипломатик корпус вакиллари, вазирлик ва идоралар, тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссарининг сиёсий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси А.Ханжин ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар узвийлигида она заминимизда истиқомат қилаётган турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларнинг аҳил-иноқлиги, осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг ўрни, улар фаолиятининг ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани аҳамиятлидир.

– Ўзбекистон кўп асрлик цивилизация ўчоғи сифатида байналмилаллик, бағрикенгликка асосланган мамлакат ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Каримов. – Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиладек яшамоқда. Улар ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини қуриш учун барча соҳа ва тармоқлар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Анжуман якунида Ўзбекистонда Ирқий камситишнинг барча турларини йўқотиш бўйича БМТ Конвенциясининг бажарилиши, айниқса, саккизинчи-тўққизинчи миллий ҳисобот бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси, кейинги миллий ҳисоботни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА