Москва шаҳрида XXXI Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси очилди. Унда 40 дан ортиқ давлатларнинг нашриёт ва босмахоналари иштирок этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг расмий сайти “www.api.uz”.
Қайд этилишича, кўргазма-ярмаркада Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг йирик нашриёт-матбаа корхона вакиллари ҳам қатнашмоқда. Тадбирнинг илк куниданоқ “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Россиянинг “Олма” нашриёт маркази ҳамда Елена Шубина таҳририяти, шунингдек, Хитойнинг “BIBF” нашриёт корпорацияси билан уларда нашр этилган хориж адабиётларини ўзбек тилига таржима қилиб нашр этиш, миллий адабиётларимизни уларда таржима қилиб чет тилида нашр этиш юзасидан келишувга эришган. Бундан ташқари Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи “Бином” ҳамда “Русское слово” нашриётлари билан болалар учун мўлжалланган рус тилидаги синфдан ташқари ўқитиладиган адабиётларнинг оригинал-макетларини сотиб олиш бўйича музокара олиб борган.
Кўргазма-ярмарка 9 сентябрга қадар давом этади.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА