“Маҳбуслар ҳам ўз ҳуқуқларига эга ва бу ҳуқуқлар ҳурмат қилиниши керак, ҳатто улар жазоланган бўлса ҳам. Агар биз инсоннинг ҳуқуқларини инкор қилсак, биз унинг инсонийлигини инкор қиламиз…” Машҳур давлат арбоби Нельсон Манделанинг бу сўзлари ҳар қандай инсонни инсонийликка, меҳр-шафқатга чақиради.

Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур тартибни ўз ичига олган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Депутат Сайдулла Азимов лойиҳа бўйича батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали уларга ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имконияти яратилади. Лойиҳада маҳкумларнинг масофали видео-учрашув ҳуқуқини амалга ошириш сони, шартлари ва тартиби, қўшимча видео-учрашув имкониятлари тўлиқ ўз аксини топмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг оила аъзолари билан мулоқот қилиш имконини кенгайтиришга, фуқаролар сарсонгарчилигининг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА