Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) вакилларининг Тожикистонга илмий-тадқиқот сафари уюштирилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикасининг Душанбедаги элчихонаси кўмагида қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа давлатларини ўрганиш институти, Россия – Тожикистон (Славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази, “Таҳлил“ таҳлилий тузилмаси экспертлари билан бўлиб ўтган суҳбатларда мамлакатларимиз ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги икки томонлама муносабатларнинг иттифоқчилик хусусиятига тўлиқ мос равишда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатлар олий раҳбарияти ва ҳукуматлари даражасида ишончли мулоқот шаклланиб, тобора чуқурлашиб бормоқда. 2016 йилдан бошлаб икки давлат раҳбарлари 30 мартадан ортиқ учрашгани, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Икки томонлама товар айирбошлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, сўнгги 7 йилда ўзаро савдо ҳажми 197 миллион доллардан 757 миллион долларга етди.

Экспертлар икки мамлакат ўртасидаги ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўллари ҳамда икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг янги йўналишлари ва асосий омилларини аниқлаш масалалари муҳокама этилди.

Учрашувлар кун тартибида минтақавий барқарорликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масалалари ҳам ўрин олди.

Экспертлар ўртасидаги суҳбатнинг яна бир мавзуси Марказий Осиёдаги минтақавий яқинлашув жараёнларининг муҳокамаси бўлди. Таҳлилчилар минтақа давлатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айланганини алоҳида қайд этди.

Минтақавий ҳамкорликнинг барқарор динамикаси Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўтган ўн йилликда Марказий Осиё иқтисодиёти барқарор ўсишда давом эти6, 2 фоизни ташкил этди. Бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан (2,6 фоиз) икки баробар ортиқ дегани. 2016 йилдан буён минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулоти 60 фоизга ошиб, 2023 йил охирига келиб 450 миллиард долларга етди.

Марказий Осиё глобал иқтисодий муносабатларнинг тобора муҳим иштирокчисига ҳам айланиб бормоқда. Охирги 7 йил ичида унинг ташқи савдо ҳажми икки баробардан зиёд ошиб, қарийб 232 миллиард долларга етди. Минтақа ичидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,5 баробарга (2,4 миллиард доллардан 11 миллиард долларга) ошди.

Ушбу омиллар минтақадан ташқаридаги шерикларнинг Марказий Осиёга қизиқишини оширмоқда. Марказий Осиё минтақасининг халқаро муносабатларда ягона актор сифатида юксалиши кузатилмоқда. Бунинг натижаси “МО+“ диалог форматларида намоён бўлади. Бугунги кунда 10 дан ортиқ шунга ўхшаш мулоқот платформалари мавжуд бўлиб, улардан 6 таси сўнгги 5 йил ичида яратилган.

Томонлар Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини янада жипслаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса минтақанинг ички ва ташқи таҳдидларга бардошлилигини ошириш ҳамда пайдо бўлаётган янги имкониятларни тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради.

Шу билан бирга, музокаралар давомида Ўзбекистон ва Тожикистон “ақл марказлари“ ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма тадбирларни ташкил этишда икки томон ҳам манфаатдор эканликларини билдирди. Иттифоқчилик муносабатларининг барча йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида илмий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари белгиланди.

ЎзА