“Президент арчаси” тантаналари ҳар йили баланд руҳда бўлиб ўтади. Бу йилги байрам аввалги йилларга мутлақо ўхшамаган тарзда, халқона, ёрқин, таассуротларга бой тарзда, жуда самимий ўтказилди.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғисиз қолган, имконияти чекланган болажонлар таклиф этилди.

Мазкур тадбир юртимиз келажаги бўлган болалар учун алоҳида эътибор ва ғамхўрликни ифода этади. Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши остида олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар, айниқса, болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли дастурлар бунинг ёрқин мисолидир.

Байрам дастури болажонлар учун театр томошалари, интерфаол ўйинлар, цирк артистларининг қизиқарли чиқишлари ҳамда машҳур эстрада хонандалари қўшиқларига бой бўлди.

Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга сифатли таълим-тарбия бериш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Президент cовғаси” ижтимоий дастури доирасида кўнгли ярим болаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Шу билан бирга, “Президент совғаси” дастури доирасида ҳам республика бўйлаб жами 10 минг 282 нафар Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган Президент совғалари тайёрланди.

“Президент арчаси” ва “Президент совғаси” дастурлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиб, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш болаларнинг келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

… “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида қўшиқлар, қувноқ ўйинлар авжида. Беғубор болаликни ёдга солувчи ушбу лаҳзаларда барчанинг кўнгли шодликка тўлган.

– Бу йилги байрамнинг ўзига хос йўналишда ташкил этилгани болаларга манзур бўлмоқда, – деди пойтахтимиздаги 22-Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хурсаной Холова. – Сарой фойеси кўплаб бурчакларга бўлинган бўлиб, уларда болалар учун ажойиб ўйинлар, викториналар ташкил этилгани эътиборга молик.

– “Президент арчаси” тантаналарида қатнашишни ҳар бир бола орзу қилади, – деди Тошкент шаҳридаги 30-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Жавоҳир Данилов. – Биз бу байрамда юртимизнинг машҳур инсонлари, санъаткорлар, спорт юлдузлари билан кўришиш, улар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

– Тарбия масканимиз катта бир оилага ўхшайди, – деди 30-Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фанилия Габбасова. – Болалар ушбу байрамга катта тайёргарлик кўрдилар, байрамона кийимлар тайёрлашди. Шеър ва қўшиқлар ўрганишди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг болажонларга меҳр ва эътиборини ўғил-қизларимиз наинки ушбу тантаналарда, балки ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳис этмоқда.

– Бундай тантанали тадбирда болалар билан учрашиш, суҳбатлашиш орқали уларнинг қалбига қувонч улашишдан ортиқ бахт бўлмаса керак, – деди оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов. – Болажонларга нафимиз текканидан жуда мамнун ва бахтиёрмиз.

Муҳташам саройнинг улкан залида юзлаб турфа чироқлар порлайди. “Аёз бобо” театрлаштирилган эртаги замонавий талқинда намойиш этилди. Ушбу мусиқали томоша болаларни қийинчиликларни муносиб тарзда енгиб ўтиш, спортда фаол бўлишга чорлаши билан кичкинтойларга жуда манзур бўлди.

Тадбир якунида «Инсон» марказлари орқали болажонларга совғалар тарқатилиб, уларга байрамона кайфият улашилди. Бу каби байрам томошалари мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Улар тиббий, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча болаларга бир дунё қувонч, завқ бағишламоқда.

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА