Тошкентда “Муҳим хомашё секторидаги хавф-хатарларни юмшатиш, Марказий Осиёда “яшил” манбаларга ўтиш ва ўсишни рағбатлантириш” мавзусида нуфузли тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов, БМТнинг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий вакили Оливер Штолпе, шунингдек, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Туркманистон вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиёда муҳим хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, минтақадаги экологияни муҳофаза қилиш ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш йўлларини муҳокама қилишдан иборат.

Таъкидландики, минтақада “яшил” иқтисодиёт тамойилларини татбиқ қилиш нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки янги иш ўринлари яратиш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этиш учун мустаҳкам асос яратади.

Маслаҳатлашувлар давомида минтақавий ҳамкорлик, экологик хавф-хатарларни бартараф этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда хомашё ресурслари соҳасидаги ташаббуслар, Марказий Осиёдаги имкониятлар, экологик барқарорлик ва ижтимоий хавфларни камайтириш йўналишидаги амалий қадамлар ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнидаги тажрибалар ўрганилди.

Тадбирда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик стандартларга риоя қилиш ва “яшил” технологияларни жорий этишдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, экологик тоза технологияларнинг тараққиётига қаратиладиган ресурслар ва инвестицияларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА