Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантирмоқда.
Бугун Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг юртимиздаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё минтақаси давлатларининг Давлат бошқаруви академиялари раҳбарлари, АҚШ, Туркия, Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси каби давлатларнинг хорижий экспертлари ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактаби, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Марказий Осиё халқаро институти, олий таълим муассасалари масъуллари, ДБА профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва тингловчилари иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг бевосита сайъ-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё минтақасида сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, минтақа мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Бутун дунёда «5+» шаклдаги мулоқот форматлари кўпайди. Бу эса икки ва кўп томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини, эндиликда минтақага жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортаётганлигидан далолат бермоқда.
Давра суҳбатининг асосий эътибори “Ўзбекистон – 2030 стратегияси”нинг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” деб номланган 5-устувор йўналишидан келиб чиқадиган вазифалар, шунингдек, Президентимизнинг “2022-2026 – йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги муҳим вазифаларга қаратилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнлар, айниқса, минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатишда Ўзбекистон омилини илмий ва сиёсий таҳлил этиш, эришилган натижалар ва истиқболли режаларни давлат бошқаруви билан боғлиқ ҳолда муҳокама қилиш, шунингдек, мутахассисларнинг мавзуга оид қарашларидан ва таҳлилий маълумотлардан келиб чиқиб таклифлар ишлаб чиқиш мақсад қилиб олинди.
Мусулмон Зиё, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА