“Қорақалпоғистоннинг таназзулга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси Energy Globe Award 2024 нуфузли мукофотининг миллий ғолиби деб топилди.

Бу муваффақият Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Халқаро инновация маркази (IICAS) ва Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти (KARI) каби бир қатор ташкилотларнинг самарали ҳамкорлиги туфайли амалга ошди. Айниқса, Халқаро шўрланган ерларда биоқишлоқ хўжалиги маркази (ICBA)нинг етакчилиги, техник экспертизаси ва ўз ишига садоқати алоҳида эътирофга лойиқ.

Ушбу лойиҳанинг мақсади Орол денгизи экологик инқирозининг оқибатларини юмшатиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш мақсадида Қорақалпоғистоннинг мураккаб ҳудудлари учун барқарор, иқлимга чидамли ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш ва жорий этишдан иборат.

Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD) кўмагида амалга оширилаётган бу лойиҳа халқаро самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Бу ютуқ ер таназзули муаммоларини ва барқарор ривожланишни ҳал қилишда қўшма ёндашув муҳимлигини таъкидлайди.

Ушбу лойиҳа жаҳон миқёсида намуна бўлиб, бошқа мамлакатларни ҳам шу каби ташаббусларни амалга оширишга илҳомлантиради.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири