Парламент қуйи палатаси мажлисида озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видео-учрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини татбиқ этиш орқали озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг жамиятдан узилиб қолмаслигини таминлаш, жазони ўтаб чиққанидан сўнг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бунда масофали видео-учрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади. Масалан, умумий тартибли колонияда жазо ўтаётган бўлса, бир йилда 12 марта, қаттиқ тартибли колонияда эса 8 марта видео-учрашув ўтказиши, давомийлик муддати эса 15 минутгача қилиб белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдириб, ушбу қонун лойиҳаси инсон манфаатларига хизмат қилиши, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофадан туриб яқинлари билан видео-учрашув ҳуқуқини таъминлашга қаратилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, айрим саволларни ўртага ташладилар.

— Масофали видео-учрашувни ташкил этиш учун жазони ижро этиш муассасаларида зарур моддий-техник база мавжудми? 

Депутат Дилдора Камолованинг ушбу саволига мутасаддилар томонидан қуйидагича жавоб берилди: 

— Бугунги кунда амалда ҳам телефон ва видео-учрашувлар ташкил этиб келинади. Видео-учрашув учун маҳкумнинг оила аъзолари ўз ҳудудидаги муассасамизга бориши керак. Эндиликда онлайн платформа орқали амалга ошириш имконига эга бўламиз. Ҳозирда бундай платформадан 45 таси муассасаларимизга ўрнатилган. Қонун қабул қилинганидан сўнг улар сони 150 тага етказилади. Ушбу махсус онлайн дастур маҳкумнинг яқинларининг телефон рақамларига улаб берилади.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА