Тошкент шаҳрида “Минтақавий энергетика ислоҳотлари: тартибга солиш амалиётини кучайтириш” мавзусидаги тадбир ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий экспертлар, халқаро молиявий ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев, Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним, Минтақавий энергетикани тартибга солувчи ташкилотлар уюшмасининг раёсати аъзоси Диетмар Преинсторфер ва бошқалар энергетика бозорини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб масалалар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад манфаатдор томонлар ва экспертларни бирлаштириш, минтақанинг барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишончли, шаффоф ва самарали меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга кўмаклашиш, энергетика соҳасини тартибга солувчи органлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашишдан иборат.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори билан Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан мамлакатимизда электр тармоқларидан оқилона ва шаффоф фойдаланиш шартларини ўрнатиш орқали электр энергияси ва бошқа ёрдамчи хизматларнинг рақобатли бозорларида фаолият соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши белгилаб қўйилган. Тадбирда эса ушбу агентлик томонидан бу борада олиб борилаётган дастлабки ишлар юзасидан фикр алмашилди ҳамда иштирокчи халқаро ташкилотлар тажрибаси тақдим этилди.
– Бугунги учрашув иштирокчилар, хусусан, агентлигимиз учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Чунки унда Грузия, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг энергетика бозорини тартибга солиш бўйича вакиллари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Айтиш жоизки, мамлакатимизда энергетика соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш, шамол, гидро электр станциялари, шунингдек, хусусий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқаришдаги улушини кенгайтиришга кенг йўл очиб берди. Айнан шу жараёнда энергетика бозорини тартибга солиш масаласи муҳим ҳисобланади. Албатта, мамлакатимизда бу соҳада ишларнинг дастлабки босқичлари бошланган. Бугунги ташкил этилган учрашув бизнинг бу йўналишдаги ишларимизда амалий ёрдам беради ва ўзимизнинг дастуримизни ишлаб чиқишда қўл келади, – деди Ш.Хўжаев.
Тадбирда иштирокчилар тартибга солувчи органларни ислоҳ қилиш асослари, энергетика бозорининг динамикаси, барқарор энергетикага ўтиш, рақамлаштириш ва инновация каби мавзулар муҳокамасига кенг урғу берди.
Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним Ўзбекистон билан кўплаб соҳалар қаторида энергетика сектори бўйича ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини қайд этди.
– Аввало, бугунги тадбир барчамиз учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мавзу доирасидаги ғояларимизни илгари суришга имконият яратди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳукумати энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Хусусан, бунда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш чоралари шулардан биридир. Умуман, мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш яхши натижа беради. ОТБ бу йўналишда ҳам ўз кўмагини кўрсатиб келмоқда. Бугунги тадбир ҳам ҳамкорлигимизнинг бир қисми бўлиб, у энергетика бозорини ривожлантириш борасида бошланган ишларда ўз ижобий натижасини кўрсатади, – деди Канокпан Лао-Арая.
Тадбир эртага ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА