Ўзбекистон ва Хитойни қадимги Ипак йўли бўйлаб узвий тарихий ришталар боғлаб туради. Маданиятлар, анъаналар, менталитет ва қадриятларнинг ўхшашлиги ҳам бирлаштиради.
Пойтахтимизда Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш ва Ўзбекистон – Хитой туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Қайд этилишича, жорий йил 18 декабрдан бошлаб Тошкент ва Хайнань шаҳарлари ўртасида мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади.
Форум давомида Ўзбекистон ва Хитой томонлари вакиллари ўртасида Б2Б форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар томонидан туризм соҳасининг бугунги ҳолати муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари ўрганиб чиқилди, Ўзбекистон ва Хитой сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумлари имзоланди.
– Жорий йилнинг 10 ойлигида Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистонга 60 мингга яқин турист ташриф буюрган, – дейди Хайнань туризм йўналиши раҳбари Лиу Фангху. – Йил якунига қадар бу кўрсаткич янада ортиши кутилмоқда. Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Хитойда юртингизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганини қайд этишим лозим. Бу эса икки томонлама сайёҳлар алмашинувида манфаатлидир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида савдо, иқтисодий, туризм ва бошқа йўналишларда икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу учрашувлардан асосий мақсад икки томон тадбиркорлик субъектларини таништириш ҳамда мамлакатимизга Хитойдан сайёҳлар оқимини оширишдир.
Ўзбекистон-Хитой сайёҳлик бизнес-форуми икки давлат вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Форум иштирокчиларга ҳамкорлик ва инвестициялар учун янги имкониятларни ўрганиш учун платформа тақдим этди. Мазкур тадбир Ўзбекистон туризм индустриясининг юксалиши ва ривожланишига, мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА