Ўзбек ва ҳинд халқларини кўп асрлик тарих, илмий, адабий-маърифий ва савдо муносабатлари боғлаб туради. Халқларимиз маданий алоқалари уйғунлиги ҳинд халқи тарихи ҳақидаги Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мухтасар ёки Рисолаи Аруз» каби бебаҳо асарларда акс этган. Юртимизда ҳинд халқининг таниқли намояндалари Вивекананда, Мирзо Ғолиб, Робиндранат Тагор, Маҳатма Ганди каби шахсларни яхши билишади.

Умуман, кўп аср аввал ота-боболаримиз томонидан тамал тоши  қўйилган Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабати бугунги кунда ҳам ўзаро ишонч ва дўстлик тамойили асосида муваффақиятли ривожланяпти.

Куни кеча Деҳли шаҳрида Ҳиндистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Sahitya” академиясида мамлакатимиздан борган ўзбек шоир ва ёзувчилари, санъатимиз намояндалари ва олимларидан иборат делегация вакиллари иштирокида маданий-маърифий учрашув ўтказилди.

Тадбирни мазкур академия раҳбари К.Шриниваса Рао очиб, ўзбекистонлик ижодкорлар мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётгани, яна бир бор ўзбек санъати ва адабиёти билан яқиндан танишиш имкони туғилганидан мамнунлик изҳор этди.

Делегациямиз аъзоси, журналист ва таржимон Aсрор Aллаёров икки мамлакат ижодкорлари ва олимларининг бевосита мулоқоти шерикликнинг янги йўналишларини очишда ўзаро кўприк вазифасини ўташига ишонч  билдирди.

Шундан сўнг вакилларимиз навбат билан ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди. Aйниқса, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг миллий рақс санъати, хусусан лазги ҳақидаги фикрлари ҳинд санъатшуносларида алоҳида таассурот қолдирди.

– Ҳинд ва ўзбек халқларининг илдизлари теран, маданияти муштарак, – деди Ҳиндистон маданий алоқалар консуллиги (ICCR) директори ўринбосари Абҳай Кумар ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Энг муҳими, алоқаларимиз ривожи йўлида адабиёт ва санъатнинг ўрни беқиёс. Биз учун Марказий Осиё давлатлари адабиёти ва маданияти жуда қизиқ. Масалан, ўзбек рақс санъатининг довруғи бизга маълум. Миллатингиз ушбу қадрият билан фахрланса арзийди.

Анжуман доирасида ўзбек ижодкорларининг бир неча бадиий ва илмий асарлари академия кутубхонасига совға қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар учун Маҳатма Ганди мемориал музейи бўйлаб сайр уюштирилди.

Мазкур учрашув тафсилотини Ҳиндистоннинг қатор нашрлари, хусусан “ETV Bharat News”, “Rudha News Express” каби ахборот порталлари кенг ёритди.

Ўткир АЛИМОВ, ЎзА

Деҳли, Ҳиндистон