2024 йил 12 ноябрда Ўзбекистон делегациясининг Швейтсарияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик халқаро фонди (ГCЭРФ) ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳужжатни СМТИ директори Элдор Арипов ва ГCЭРФ ижрочи директори Халид Косер имзолади.
ГCЭРФ — штаб-квартираси Женевада жойлашган етакчи халқаро ташкилот бўлиб, 2014 йилдан бери дунёнинг 23 мамлакатида терроризмга қарши курашиш ва репатриантларни реабилитация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Фонднинг ушбу лойиҳаларга киритган умумий сармояси 200 миллион доллардан зиёдни ташкил этади.
Имзоланган Меморандум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, қайтарилган фуқароларнинг реабилитацияси ва реинтеграциясига кўмаклашиш соҳасида ҳамкорликнинг қўшма дастурларини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратади.
ГCЭРФ Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши фаолиятига катта қизиқиш билдирди. Кенгаш доирасида психологлар, ижтимоий ходимлар, қайтганлар билан ишлашга жалб этилган маҳаллалар вакилларининг малакасини ошириш бўйича махсус тренинглар ташкил этиш, шунингдек, репатриантларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий интеграция қилиш имкониятларини кенгайтирувчи дастурларни ишлаб чиқишдан манфаатдорлик билдирилди.
Терроризм ва экстремизмнинг онлайн тарғиботига қарши курашиш, ёшларда танқидий фикрлашни ривожлантириш соҳасида ечимларни излашга алоҳида эътибор қаратилади.
ГCЭРФ фондини яратиш ташаббуси 2013 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган 4-Глобал аксилтеррор форумида АҚШ давлат котиби Жон Керри, Туркия ташқи ишлар вазири Ахмет Давутоғлу ва Швейтсария канцлери Диде Буркхалтер томонидан илгари сурилган. ГCЭРФ директорлар кенгашига Европа Иттифоқи, Африка, Осиё, АҚШ, Қатар ва Австралия каби 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари киради.