Сербияда шахмат бўйича клублар ўртасида ўтказилаётган қитъа кубоги мусобақаларида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров “SuperChess” жамоаси таркибида ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Мусобақанинг эркаклар баҳсида 84 та, аёллар ўртасидаги мусобақаларда 18 та жамоа иштирок этмоқда.

Мусобақа низомига мувофиқ эркаклар иштирокидаги ўйинларда қатнашаётган ҳар бир жамоа 6+2 нафардан, аёллар жамоалари 4+1 нафардан иборат бўлиши белгиланган.

Ортда қолган 3 та тур баҳслари сарҳисобига кўра, Абдусатторов ва Синдоров жой олган “SuperChess” жамоаси учта ўйинда ҳам ғалаба қозониб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига турнир жадвалини бошқариб бормоқда. Шунингдек, турнирда қатнашаётган яна 7 та жамоа ҳам ортда қолган 3 та турда муваффақиятга эришган.

Бугун, 23 октябрь куни 39-маротаба ташкил этилаётган Европа кубогининг навбатдаги 4-турида  “SuperChess” жамоаси турнир жадвалида 2-ўриндан жой олган “Турк авиалинияси” жамоаси билан куч синашади.

Мусобақа 27 октябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА