2024 йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Олий Мажлис Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида дастлаб “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан телекоммуникация бозори ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ва амалиёти чуқур таҳлил қилинди. Унда телекоммуникация бозорини тартибга солувчи регулятор ва ушбу бозорни ривожлантириш сиёсатини олиб борувчи давлат органларининг вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Жумладан, қонунда тартибга солувчи органга телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатларда телекоммуникация инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш, операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ҳамда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ваколатлари берилмоқда.
Шунингдек, тартибга солувчи органнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгилаб қўйилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга ҳукуматнинг иқтисодиёт ва жамиятни рақамлаштириш бўйича стратегик дастурининг муҳим қисми бўлган телекоммуникация секторининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун янгиланган Конституцияга мос равишда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган.
Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланмоқда.
Қонун билан Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Шунингдек, Омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда.
Қонунда сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкинлигини назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонунда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида “Омбудсман қутиси” тушунчаси киритилиб, унга озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг мурожаат қилишининг ҳуқуқий механизми белгиланмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштиради.
Унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайишига ва ҳудудий вакилликлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан Солиқ кодексига юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари учун рағбатлантириш чоралари жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Кодексга тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тушунчаси киритилмоқда.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш уч кунлик муддатда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги бўйича “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно).
Мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш камерал солиқ текширувидан ўтказилмасдан бир кунлик муддатда амалга оширилади.
Мазкур қонун солиқларни ўз вақтида тўлаётган ва қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш, тутзорларни ташкил этиш ва ипак қуртини боқиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим тармоқлардан бири ҳисобланган пиллачиликда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, бугунги кунда республикамизда пиллани қайта ишлаш, ипак қурти уруғчилиги ва тутчилик хўжаликларининг фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, соҳада 108 минг доимий ва 1 миллиондан ортиқ мавсумий ишчиларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Солиқ кодексининг 483-моддасига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш (касаначилик) фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Қонунга кўра пилла етиштирувчи юридик шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари ҳамда бўшаган маблағларни касаначиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан ижтимоий солиқдан озод қилинади.
Қонунда пилла етиштириш соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада ишлаб чиқариш ҳажми, тайёр маҳсулот улуши ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ ҳамда Божхона кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда телекоммуникациялар операторларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда.
Солиқ кодексига киритилаётган қўшимчага мувофиқ эндиликда махсус ваколатли давлат органи томонидан республика ҳудудига олиб кириладиган тезкор қидирув тадбирлари тизими техник воситалари солиқ солишдан озод қилинади ва мазкур техник воситалар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, Божхона кодексига юқорида кўрсатилган техник воситаларни божхона божини тўлашдан озод қилиш тарзида тариф имтиёзлари берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, ҳарбий хизматни назарда тутувчи бошқа идоралар ҳарбий юклар божхона расмийлаштирувида божхона йиғимини тўлашдан озод қилинмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, қонун белгиланган солиқ ва божхона имтиёзларидан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ердан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида аҳолининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарди.
Аммо, соҳада ҳануз айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги қонунчиликни янада такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди ва шу мақсадда мазкур қонун ишлаб чиқилди.
Қонун билан амалиётга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби жиноятлар фақатгина прокуратура органлари томонидан тергов қилиниши белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай турдаги жиноятларни тергов қилиш нафақат прокуратура, балки ички ишлар органлари терговчилари томонидан ҳам амалга оширилар эди.
Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ўзбошимчалик билан эгалланган давлат эгалигидаги ер участкаларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга оид ишларни судларда кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ даъво ариза киритишда давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.
Муҳокама давомида қонуннинг қабул қилиниши ер участкаларига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлиги ошишига, жиноятлар бўйича етказилган зарарнинг ўз вақтида ундирилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Қизғин муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати