Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси билан бошлади.

Қонунда озодликдан маҳрум этилган шахсларни улар жазо ўташини давом эттириш учун, шунингдек, руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун бериш ва қабул қилиш асослари, шартлари ҳамда рад этиш тўғрисидаги қоидаларни киритиш назарда тутилган.

Қонун хорижий давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби, шахсларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа масалаларга доир қоидаларни қамраб олган.

Қонунда маҳкумларни жазони ўташни давом эттириш ёхуд руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикасига қабул қилиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ белгиланмоқда.

Мазкур қоидалар белгиланиши миллий қонунчиликда маҳкумларни топшириш тартибининг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар бўйича ўзининг мажбуриятларини янада тўлиқ даражада ижро этишига имконият беради.

Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳкумни унга белгиланган жазони ўз давлатида ўташи орқали уни ижтимоий реабилитация қилишни жадаллаштиришга, шунингдек, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишига хизмат қилади.