23 сентябрь куни “Хоккей спорт турини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Унга кўра, хоккей спорт тури бўйича терма жамоалар ва спорт клублари учун спорт захирасини яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш хоккей спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
2025 йилдан бошлаб ҳар йили:
— хоккей спорт тури бўйича халқаро ташкилотлар ва чет эллик мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, шунингдек, илмий-амалий анжуманлар ўтказиб борилади;
— “Спорт фаолияти” (хоккей)” бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг хоккей клублари спорт базаларида амалиётини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон хоккей федерацияси, хоккей спорт тури бўйича спорт клублари ва нодавлат спорт таълим ташкилотлари учун фойда солиғи 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади.
Ўзбекистон хоккей федерацияси, хоккей спорт тури бўйича спорт клублари ва нодавлат спорт таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш учун юридик шахслар томонидан йўналтириладиган ҳомийлик хайриялари суммаси фойда солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган базадан чегириб ташланади.
ЎзА