Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла – туман – вилоят – республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.

“Xotin-qizlar.uz” платформасини такомиллаштириш ҳамда доимий техник қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг буюртманомаси асосида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

Мазкур қарор билан:

“Xotin-qizlar.uz” платформаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида алмашиниладиган маълумотлар ҳамда ахборотлар рўйхати;

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модулини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

2024 йил 1 октябрга қадар муаммоларни ўрганиш модулига киритилган масалаларни, биринчи навбатда, маҳалла ва туман (шаҳар) даражасида, зарур ҳолларда эса вилоят ёки республика даражасида ҳал этиш ва мониторингини юритишни назарда тутувчи механизм жорий қилинади ҳамда муаммоларни ўрганиш модули орқали келиб тушган мурожаатларни масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ўрганиб чиқиш ва ҳал этишни таъминлаш мақсадида улар учун фойдаланувчи кабинетлар ташкил этилади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб доимий равишда Муаммоларни ўрганиш модули орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан мониторинг юритилади.

ЎзА