Хитой шу ойда Россия билан бирга “North-Joint 2024” қўшма ҳарбий машғулоти ўтказилишини эълон қилди. Мақсад – ҳарбийлар ўртасидаги “стратегик ҳамкорликни кучайтириш” ва “хавфсизликка таҳдидга биргаликда қарши курашиш” қобилиятини мустаҳкамлаш.

ХХР Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳар икки мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳарбий авиацияси Япон ва Охота денгизининг Россия қирғоғи яқинида махсус машқ олиб боради. Дастурга мовофиқ, “Тинч океанининг муҳим сувли ҳудудлари”га қўшма денгиз патрули юборилади.

Хитой томони Россиянинг “Океан-2024” стратегик машғулотида иштирок этади. Тадбирларнинг аниқ санаси маълум эмас.

Украина билан давом этаётган уруш асносида Россия ва Хитой иқтисодий, дипломатик ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни кучайтириб, Ғарбга қарши “чегарасиз” шериклик ва ҳамжиҳатликни таклиф қилмоқда. Масалан, жорий йил июль ойи ўрталарида Чжанцзян порт шаҳри қирғоғи яқинида сув ва ҳавода қўшма ҳарбий машғулот ўтказилди.

НАТО, шунингдек, Қўшма Штатлар ва бошқа иттифоқчи давлатлар Хитой раҳбариятини “Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини қўллаб-қувватлаётгани учун” қоралаб келади. Пекин бунга жавобан мунтазам равишда Шимолий Атлантика альянсини “қарама-қаршилик қўзғатмаслик”ка чақиради.

Ш.Маматуропова, ЎзА