Юртимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Эндиликда инвесторларнинг кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари қонун билан мустаҳкамланмоқда. Инвестиция соҳасидаги асосий халқаро тан олинган амалиёт ва тамойиллар ҳам жорий қилинмоқда.

Булар “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс этмоқда. Мазкур лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, лойиҳада мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, амалдаги инвестиция қонунчилигининг илғор халқаро стандартлари, жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мослаштиришга қаратилган нормалар акс этмоқда.

Лойиҳа билан инвестиция соҳасидаги асосий халқаро тан олинган амалиёт ва тамойиллар ҳам жорий қилинмоқда. Хусусан, “Инвестиция фаолияти” тушунчасида инвесторнинг таваккалчиликка асосланган, узоқ муддат давомида бўлиши, маҳаллий иқтисодиётга фойда (ижобий натижа) олиб келишга қаратилгани борасидаги халқаро тан олинган “Салини” тамойили акс эттириляпти.

Муҳокамалар давомида айтилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан инвесторларнинг кафолатлари ва эркинликлари аниқ баён қилинади, бундай ҳуқуқ ва кафолатларни қўллаш бўйича инвесторларнинг турли талқинлари ва чалкашликларига барҳам берилади.

М.Комилова, ЎзА