Қирғиз Республикаси Бош прокурори М.Асаналиевнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев Қирғизистонга амалий ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон прокуратура органлари делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 22-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда рақамлаштириш даврида прокуратура органлари фаолиятига доир масалалар муҳокама қилиниб, янги таҳдидларга қарши курашиш борасида тажриба алмашилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори мавзу бўйича маъруза қилди.

Йиғилишда Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон прокуратура органлари вакиллари иштирок этди.

Учрашув якунлари бўйича Бош прокурорлар томонларнинг ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишини тасдиқловчи йиғилиш баённомасини имзолади.

*  *  *

Қирғиз Республикасига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош прокурорлари кенгашининг 3-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар бош прокуратуралари ўртасида замонавий глобал таҳдидларга самарали таъсир кўрсатиш чоралари муҳокама қилинди.

Тадбирда, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия Бош прокурорлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти котибияти раҳбарияти иштирок этди.

Учрашув доирасида томонлар ТДТга аъзо давлатлар прокуратура органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди. Уюшган трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ТДТ Бош прокурорлари кенгаши 3-йиғилишининг Декларациясини имзолади.

***  

Ўзбекистон Бош прокурори Н.Йўлдошев ва Қирғизистон Бош прокурори М.Асаналиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида томонлар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Қирғиз Республикаси Бош прокуратураси ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Н.Абдураимова, ЎзА