Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти делегациясининг Малайзияга амалий сафари доирасида ушбу мамлакатнинг “Lincoln University College” таълим муассасаси билан қўшма таълим дастурини очиш бўйича шартнома имзоланди.

Сафардан кўзланган мақсад “THE World University Rankings” халқаро рейтинги бўйича дунёнинг “ТОП-300”лик олий таълим муассасаси қаторига кирган ушбу билим юрти билан таълим ва илмий тадқиқотлар борасида ҳамкорлик ишларининг самарадорлигини оширишдир.

Аҳамиятлиси, “Lincoln University College” таълим муассасаси раҳбарияти билан бўлиб ўтган расмий учрашув натижасида аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (биология) магистратура мутахассислиги, шу билан бирга, инглиз тили бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги қўшма таълим дастурини очиш ҳақида келишувга эришилди.

Шунингдек, учрашувда институт профессор-ўқитувчилари учун Малайзияда малака ошириш, бу ердаги профессор-ўқитувчиларни институтдаги ўқув жараёнига бириктириш ва ҳамкорликда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Икки таълим муассасаси ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири