Божхона органлари томонидан экспортчилар, ишлаб чиқарувчилар, деҳқон ҳамда фермерлар учун соддалаштирилган “Экспорт уч қадамда” тизими ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 25 март санасидан бошлаб автомобиль ташувларида амалга ошириладиган экспорт операциялари учун амалиётга жорий этилди.

Ушбу тизим афзалликларини тадбиркорлик субъектларига тушунтириш мақсадида жойларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.Нукус ТИФ божхона постида ташкил этилган шундай учрашувларнинг навбатдагиси Божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъуллари ва ҳудудда фаолият юритувчи экспортёр корхоналар вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Ушбу тизим жорий этилгунга қадар 9 босқичда амалга оширилиб келинаётган экспорт операциялари эндиликда 3 босқичда Ўзбекистон товарларининг дунё бозорларига чиқишига имкон яратмоқда. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг ҳам вақт, ҳам ҳаражатлари иқтисод қилиниб, қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилишига замин яратмоқда.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунга қадар ҳудудда фаолият юритаётган 10 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ушбу тизим афзалликларидан кенг фойдаланиб, 50 дан ортиқ божхона юк декларацияси орқали товарлар экспортга соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган. Тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари учун катта ҳажмли чегара божхона постларида (шу жумладан, “Довуд-ота” чегара божхона постида ҳам) алоҳида йўлаклар ташкил этилган бўлиб, ушбу маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви навбатсиз, соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ТИФ божхона пости ходимлари томонидан тез бузилувчан мева-савзавот маҳсулотлари ташилаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига халқаро стандартларга мос фарқлаш белгиларини автотранспорт воситасининг олд ойна ўнг томонига ўрнатиш юзасидан ҳам тарғибот ишлари олиб борилиб, намуна тариқасида махсус фарқлаш белгилари тарқатилмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири