Италиянинг Турин шаҳрида 2025 йил бўлиб ўтадиган талабалар қишки Универсиада ўйинлари маскати – ўйинлар ва анимация оламида машҳур “ТО Таг” белгиси остидаги тасвир эълон қилинди.
– Кундалик турмушимиз мунтазам равишда реал ва рақамли дунё ўртасида кесишаётгани сабабли, “ТО Таг” мана шу икки тушунчани бир-бирига боғловчи вазифани ўташи билан аҳамиятли, – дейилган мазкур воқеа муносабати билан уюштирилган махсус тақдимот маросими ахборотномасида.
Туриндаги “Regione Piemonte” саройида ташкил этилган тадбирда иштирок этган Халқаро талабалар спорти ташкилоти раҳбари Леонц Эдер шундай таъкидлади:
– Жозибали ва ранг-баранг бундай такрорланмас рамз барча мухлислар қалбини забт этишига ишонаман. Ушбу тимсол “Турин-2025” ўйинларининг энг фаол элчиси сифатида кўпчиликка қувонч улашиши, ажойиб мусобақа завқини тортиқ этишидан умидвормиз.
Эслатиб ўтамиз, 11 спорт тури бўйича ўтадиган навбатдаги қишки Универсиада келгуси йил 13-23 январь кунларига белгиланган.
Т. Рўзиев,
ЎзА