Жаҳон банки иқтисодиёт ва бюджет соҳасига оид қонун лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг “facebook”даги саҳифасидаги хабарда айтилишича, куни кеча институт директори Раҳимжон Ҳакимов ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ўртасида учрашув бўлиб ўтган.
Музокаралар давомида томонлар ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан фикр алмашиш баробарида иқтисодиёт ва бюджет соҳасига оид қонун лойиҳаларини тайёрлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган қонун ва меъёрий ҳужжатлар ижодкорлиги жараёнига халқаро экспертларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилишган.
Хидеки Мори давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга оширган расмий ташрифи чоғида Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким билан учрашувини юқори баҳолаган ҳолда ўзаро муносабатларда янги давр бошланганини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, дейилади хабарда.

 

Улуғбек Шоназаров тайёрлади, ЎзА