Ғазодаги вазият кундан-кун хавотирли тус олмоқда. Шунга қарамасдан, ҳудудда бир неча халқаро ёрдам ташкилоти ҳамон фаолият юритмоқда. Шулардан бири БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлиги (UNRWA)дир.
1949 йил ташкил этилган мазкур тузилма Ғазо, Ғарбий Соҳил, Сурия, Ливан ва Иорданияда фаолият юритади. Айни пайт Исроил – ХАМАС ҳарбий можароси сабаб уйини ташлаб кетган 700 000 фаластинликка ғамхўрлик қилмоқда.
– Энди икки миллион ғазоликнинг ҳаётини қутқарувчи ёрдам амалиёти тўхташи мумкин, чунки UNRWAнинг баъзи ходимлари Исроилга 2023 йил 7 октябрь куни уюштирилган ҳужумда иштирок этгани тўғрисидаги даъво туфайли, бир неча Ғарб давлати томонидан молиялаштириш тўхтатиб қўйилган, – дейди агентлик раҳбари.
Миссия ҳозир кўчирилганлар учун вақтинча бошпана топиб беради ва фақат Исроил рухсат берган даражада ёрдам тарқатади, холос. UNRWA айни пайт Ғазодаги маҳаллий аҳолига фақат кундалик ҳаёт учун зарур асосий воситаларни тақдим этмоқда. Шунингдек, тиббиёт ва таълим муассасалари, жумладан ўқитувчилар малакасини ошириш марказлари ва 300 га яқин бошланғич мактабни назорат қилади. Фаластинлик ўқувчиларга таълим дарсликлари ишлаб чиқаради. Эътиборли жиҳати, бу ташкилот Ғазо ҳудудида БМТнинг энг йирик агентлиги сифатида инсонпарварликни тарғиб этувчи саъй-ҳаракатлар учун калит бўлди.
Бир жиҳат борки, агентлик мавжудлиги Исроил томонидан фаластинликларнинг қочқинлик мақомини мустаҳкамламоқда. Бу ҳолат 1948 йилдаги ёки бошқа ҳарбий низолар сабаб маконини ташлаб кетишга мажбур бўлганларга ортга қайтиш умидини бергани учун Исроил ҳукумати томонидан танқид қилиб келинади.
Кўпинча Aраб – Исроил можаросида қочқинлар тақдири асосий масала бўлиб келган. Кўплаб фаластинликлар тарихий ватанига қайтиш орзусида. Афсуски, бу тарихий давлатнинг бир қисми ҳозир Исроил ҳудудида жойлашган. Исроил бундай даъволарни доим рад этади ва қочқинлик мақомини мерос қилиб олишга рухсат бергани учун UNRWAни танқид қилиб келади.
Нафрат ва муросасизлик
Исроил ҳукумати агентликни ўқитиш ва дарслик масаласида олиб бораётган ишини давом эттираётгани учун ҳам мунтазам қоралаб келади.
2022 йил Исроилнинг IMPACT назорат ташкилоти UNRWA ўқув материаллари Қуддуснинг маданий меросини йўқ қилишга ўргатаётгани, агентликда муросасизлик ва бетарафлик хусусияти йўқлигини иддао қилиб чиқди.
Орадан кўп ўтмай, Европа Комиссияси мактаб китобларида “антисемитистик материал” деб топилган жумлалар, жумладан “ҳатто, зўравонликка ундаш ҳолатлари”ни ҳам аниқлади, деган мазмундаги турли хабарлар пайдо бўла бошлади. Европарламент бир неча бор ЕИ томонидан Фаластин маъмуриятига маблағ ажратиш шарти билан бундай контентни олиб ташлашга чақирди. UNRWA аввалроқ ўзининг ўқув материаллари ҳақида берилган хабарлар “нотўғри ва чалғитувчи” экани, бундай китоблар уларнинг мактабларида ишлатилмаганини айтган эди.
2018 йил Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг ашаддий тарафдори бўлган Дональд Трамп маъмурияти UNRWA ташкилотини “тузатиб бўлмас нуқсон” деб атаган ҳолда, молиявий ёрдамни бутунлай тўхтатди.
Бир неча Ғарб давлати ўз маблағини “музлатиб” қўйгани сабабли, агентлик яна жиддий муаммоларга учрамоқда. Бу ҳолат рўйхатга олинган 5,3 миллион фаластинлик қочқин учун жиддий оқибат келтириб чиқариши мумкин.
Молиялаштиришни тўхтатган давлатлардан бири AҚШ энг йирик донор сифатида 2022 йил тузилмага 340 миллион доллар (268 миллион фунт стерлинг) ажратган. Кейинги ўринда турган Германия ҳукумати ўша йили 162 миллион доллар юборган.
Исроил кўп вақтдан бери БМТ бўлимларини тарафкашлик, антисемитизмда айблаб келади. Энди Ғазодаги уруш туфайли ичкарида ва хорижда тобора кучайиб бораётган танқидга дуч келган ҳукумат имкониятдан фойдаланган ҳолда, ўз далилларини кучайтириб, эътиборни бироз ўзгартира олди.
Иттифоқчилар учун бу ҳолат Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этиш имконини беради.
Оқ уй миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби маблағни тўхтатиб қўйиш масаласи хусусида ”бир неча ходим қонунни бузиши бутун бошли агентликни шубҳа остига қўймаслиги керак” дея таъкидлаган.
Исроил ташқи ишлар вазири UNRWAни “ХАМАСнинг фуқаролик қўли” деб атади ва можародан кейин ташкилот Ғазода рол ўйнамаслиги кераклигини таъкидлади.
Ўткир Мирзо тайёрлади, ЎзA