Ҳурматли тантанали маросим иштирокчилари!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, сиз, азизларни шундай қутлуғ кунларда, Янги йил арафасида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги улкан тарихий воқеа – “яшил” энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда кўриб турганимдан бениҳоя бахтиёрман.

Яхши хабардорсиз, биз бундан беш йил муқаддам қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича олдимизга жуда катта мақсад ва вазифаларни қўйиб, амалий ишларни бошлаган эдик.

Биз соҳани ислоҳ этишни, биринчи галда, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг етакчи экспертлари билан маслаҳат қилишдан бошладик.

Бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва янги қарорларни қабул қилиш орқали энергетика тармоғида бозор тамойилларига асосланган мустаҳкам қонунчилик базасини яратдик. Соҳада маъмурий-буйруқбозлик механизмлари ва монополиядан воз кечиб, замонавий бошқариладиган очиқ ва шаффоф тизимга ўтдик. Хусусий сектор ва хорижий компанияларнинг кириб келиши учун қулай имкониятлар яратдик.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, ҳар бир алоҳида йўналиш бўйича масъул ва жавобгар бўлган янги ташкилотлар тузилди.

Халқаро маслаҳатчи ва консалтинг компанияларини ёллаб, икки йил давомида мамлакатимизда қуёш, шамол ва гидроэнергетикани ривожлантириш имкониятларини пухта ўргандик ҳамда энг самарали ҳудудлар харитасини туздик.

Натижада чет эллик инвесторларнинг юртимизга бўлган қизиқиши ва ишончи кескин ошди.

Илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Кармана ва Нуробод туманларида 2 та қуёш станцияси ишга туширилиб, шу кунга қадар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бугун эса мамлакатимиз тарихида яна бир ёрқин саҳифа очадиган муҳим ҳодиса – умумий қуввати икки минг тўрт юз мегаватт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станциялари тармоққа уланмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва кенг қамровли ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида учта қуёш электр станциясининг биринчи босқичи барпо этилди.

Бундан ташқари, ушбу нуфузли компания томонидан Томди туманида барпо этилаётган замонавий шамол станциясининг 100 мегаватти ишга туширилмоқда. “Gezhouba” компанияси билан эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги қуёш станцияларининг дастлабки 400 мегаваттли генерацияси бошланади.

Энг эътиборли жиҳати – ушбу барча лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди.

Умумий қиймати 2 миллиард долларлик бу лойиҳалар ҳисобидан йилига 6 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, икки миллиард куб метр табиий газ тежалади. 2 миллион хонадон узлуксиз ва кафолатли электр энергияси билан таъминланади. Саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратилади.

Бизнинг стратегик шеригимиз ва йирик савдо ҳамкоримиз бўлган Хитой иштирокидаги лойиҳалар илгари тажрибада кузатилмаган жуда қисқа муддатда – 9 ой ичида ишга туширилганини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Жаҳонда ишлаб чиқариш занжири ва логистика билан боғлиқ муаммолар қанчалик мураккаб эканига қарамасдан, биз бу борада “Goldwind”, “Sungrow”, “Jolywood”, “Longi” каби компаниялар билан самарали иш олиб бордик.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тадбиримизда ҳозир бўлиб турган “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад ал Рамаҳий жанобларига, “China Energy” вице-президенти Ву Юн жанобларига, “Gezhouba” компанияси раиси Линь Сяодань жанобларига, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этган “Dong Fang”, “Смэк”, “Сепко” ва бошқа компаниялар раҳбарларига, нуфузли халқаро банк-молия институтларига, мазкур лойиҳаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган барча хорижий ва маҳаллий мутахассисларга, қурувчи-муҳандисларга бутун халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Биз нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратяпмиз? Чунки, биз, энг аввало, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаяпмиз.

Бу улуғвор ниятларимизга эришиш учун бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур. Ҳисоб-китобларимизга кўра, келгуси олти йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз.

Иккинчидан, биз глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича тинимсиз изланяпмиз. Халқаро саммитларда муҳим таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суряпмиз. Яқинда Дубайда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида дунё мамлакатлари “яшил” генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди.

Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиради.

Учинчидан, мамлакатимизда “яшил” энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Яратганнинг ўзи берган бу буюк имкониятдан унумли фойдаланиб, уни халқимиз манфаатларига йўналтиришимиз зарур.

Соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича “Қуёшли хонадон” тизимини йўлга қўйдик. Шу йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ уй-жойлар борлигини ҳисобга олсак, бу инвесторлар учун катта бозор яратишини алоҳида қайд этмоқчиман.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда глобал миқёсда “яшил” энергиядан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида устунлик берилмоқда. “Яшил энергия” сертификати кенг жорий қилинмоқда.

Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали “яшил” энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дастлабки қадамларни ташлаяпти.

Бешинчидан, ушбу соҳа саноатнинг бошқа тармоқлари ва сервисни ривожлантиришга жуда катта ижобий туртки беради. Бугунги лойиҳалар доирасида 100 миллион долларлик электр жиҳозлари ва қурилиш материаллари маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилгани ҳам бу фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Ҳозирги вақтда юртимизда тўртта корхона қуёш панеллари, яна иккита корхона металл конструкциялар ишлаб чиқаришни бошлади. “Яшил” энергия соҳасидаги элликка яқин лойиҳалар эса қўшимча 500 миллион долларлик кабель бозорини яратмоқда.

Биз хорижий ҳамкорларимизни бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар билан яқин кооперация алоқаларини янада кучайтиришга чақирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар тармоқда бошлаган катта ислоҳотларимизнинг яна бир яққол амалий натижасидир. Бу чора-тадбирларни изчил давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиб борамиз. Хусусан, бу йўлда яқинда энергетика бозори регуляторини ташкил этиш бўйича муҳим қарорни қабул қилдик.

Ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида жадал ишлаяпмиз. Шу билан бирга, янги генерация қувватларини етказиш учун инфратузилмани янада яхшилашга алоҳида урғу беряпмиз.

Келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор, 100 дан ортиқ подстанциялар тўлиқ янгиланади. Шунингдек, 10 минг километр юқори кучланишли янги магистрал тармоқлар барпо этилади.

Ҳеч шубҳасиз, сизлар билан келажакда янги ташаббусларни аниқ лойиҳаларга айлантириш йўлидаги сермаҳсул ҳамкорлигимизни янада кенгайтириб борамиз. Биз учун устувор бўлган бу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторларга барча шароит ва зарур имтиёзларни яратиб берамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган 2024 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва олиб бораётган шарафли ишларингизда улкан омадлар тилайман.

Янги йилимиз ҳам мана шундай қувончли ва файзли лаҳзаларга бой бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!