Ҳар йил 1 октябрдан бошлаб Хитойнинг асосий давлат байрами – “Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун” кенг нишонланади. 1949 йил айни шу санада Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида бўлиб ўтган митингда ХХР ташкил топгани эълон қилинган. 2 октябрда эса марказий ҳукумат ойнинг биринчи кунини миллий байрам сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган.

ХХР миллий байрами беш кун шодиёна сифатида нишонланиши яхши анъанага айланган. Мазкур ҳафта Хитойда “Олтин ҳафта” дейилади. Пойтахт марказий майдонидаги халқ сайли кечқурун мушакбозликка айланади.

Шу кунларда жонажон Хитойдаги барча шаҳарлар гулга бурканган. Кўчадаги ҳар бир одам кўзида миллатга нисбатан фахр-ифтихор туйғуси зоҳир. Мамлакатда муаммолар унут бўлган бу кунларни Ўзбекистондаги бир ойча олдинги сценарий билан солиштириш мумкин. Мен икки халқ қалбида ҳам мустақиллик туйғуси жўш урган дамларни назарда тутяпман.

Хитойда мазкур байрамни томоша қилиш истагида бўлган хорижлик сайёҳлар учун туризм соҳаси вакиллари хилма-хил дастурлар таклиф этишаётган эмиш. Демак, байрам баҳона мамлакат сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади.

Умуман, Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори – Хитой мамлакат ташкил топган тарихий санада бир эмас, бир неча кун давомида қизиқарли дастурлар ранг-баранглиги, йирик ташкилотлар вакиллари, давлатлар раҳбарлари ташрифлари орқали янада жозибадорликни сақлашга интилмоқда.

Ҳар қандай юрт тинчликсевар халқи, одамлари билан файзли. Инсонлар кун кечираётган замин ҳар вақт тинч, осуда, озода бўлмоғи лозим. Демак, муайян мамлакат фуқаролари қадр-қиммати, шаъни ва ҳуқуқини таъминлаш, уларга шарт-шароит яратиб беришни энг олий бурч, деб билиши табиий. Шундай қудратли ва жаннатмонанд диёрни барпо эта олган Хитой куч-қуввати, иродасини намоён этиб, давлат ташкил топган кунни бутун дунё миқёсида маданий-маърифий дастурларга бой тарзда кутиб олди.

Бугун Ўзбекистон ҳар томонлама тараққий этаётган, бутун дунё нигоҳида турган Хитой билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Шундай экан, ушбу мамлакат миллий байрами Ўзбекистонда ҳам тантана қилиниши табиий ҳол.

Тошкентда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 74 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан уюштирилган тадбирда юртимиздаги хорижий мамлакатлар дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.

ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Раис Си Цзиньпин ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги остида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари юксак даражада ривожланаётганини таъкидлади. Икки томон бир-бирини асосий манфаатларга тааллуқли масалаларда қизғин қўллаб-қувватлаши эътироф этилди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатларимиз ёндашуми ислоҳотларни, очиқлик сиёсатини чуқурлаштириш, иқтисодиёт ривожини тезлаштириш, аҳоли ҳаётини янада фаровонлаштириш борасида муштарак. Икки давлат биргаликда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида кўзланган мақсад сари дадил одимламоқда. Энг муҳими, охирги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ва асосий инвестиция манбасига айланди.

Икки томонлама йиллик савдо миқдорини 10 миллиард доллардан ошириш белгиланган. Энергетика, транспорт, деҳқончилик, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишлардаги изчил ҳамкорлик мазкур кўрсаткични тобора яқинлаштирмоқда. Қайта тикланувчи энергия, “яшил” тараққиёт, камбағалликни камайтириш соҳаларда янги марралар кўзланган.

Хитой элчиси, шунингдек, маданий-гуманитар жабҳада ҳам ҳамкорлик самарали кечаётганини мамнуният ила қайд этиб, Хитой Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик ва стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ҳамиша манфаатдорлигини тасдиқлади.

– Хитой Ўзбекистон билан қўлни қўлга бериб, астойдил ишлашга тайёр, икки давлат раҳбарларининг муҳим келишувларини сидқидилдан амалга оширади, – деди жаноб Юй Цзюнь. – Тарихий имкониятдан фойдаланиб, “Бир макон, бир йўл” ташаббусини “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш ғояси билан бир нуқтада туташтирсак, мамлакатларимиз ва ҳалқларимиз янада гўзал келажакка ёнма-ён қадам қўяди.

Икки соатдан зиёд давом этган қабул маросимида байрамона, илиқ ва дўстона муносабат ҳукм сурди. Меҳмонлар Хитойнинг кейинги ўн йиллик тараққиёти давомида эришилган ютуқлардан воқиф бўлишди, икки томонлама муносабат ривожига бағишланган видеолавҳани томоша қилишди, “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биргаликда қуриш доирасидаги Хитой – Ўзбекистон амалий ҳамкорлиги ютуқлари кўргазмаси билан танишдилар. “Сўғдиёна” халқ чолғу асбоблари оркестри ижросидаги Хитой мумтоз мусиқаси намуналари, ўзбек болалари бажарган Хитой жанг санъати усуллари намойиши барчани хушнуд этди.

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон Хитой томонидан илгари сурилган халқаро муносабатларнинг янги турини яратиш, инсоният тақдири йўлида муштарак ҳамжамият барпо этишга қаратилган “Глобал хавфсизлик ташаббуси” ва “Глобал тараққиёт ташаббуси”ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бундай ёндашув, айниқса, ХХР миллий байрами нишонланган кунларда яқққол намоён бўлди.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.