Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси мамлакат телеканали орқали чиқиш қилиб, яқинда бўлиб ўтадиган президент сайловига номзодини қўйишини маълум қилди.
Аввалроқ мамлакат Миллий сайлов комиссияси раҳбари Волид Ҳамза Мисрда президент сайлови 10-12 декабрь кунлари ўтишини билдирган эди. Унинг таъкидлашича, сайловнинг биринчи давраси натижаси 18 декабрда расман эълон қилинади. Зарурат бўлса, овоз беришнинг иккинчи давраси 2024 йил январь ойида ўтказилади.
Абдул Фаттоҳ ас-Сиси 2014 йил сайловда ғалаба қозониб, давлат раҳбари лавозимини эгаллаган эди. Тўрт йилдан кейин у иккинчи муддатга сайланди. 2019 йил апрелда мамлакатда бўлиб ўтган референдум натижаси ас-Сисининг янги муддатга номзодини қўйиши, президент ваколати тўрт йилдан олти йилгача узайтирилиши имконини берди.
Миср қонунчилигига кўра, сайлов кампанияси президентлик ваколати тугашига камида 120 кун қолганда бошланиши керак. Абдул Фаттоҳ ас-Сисининг иккинчи муддати расман 2024 йил 2 апрелда тугайди.