Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. У шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши демакдир.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган. Республикамизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган ҳолда 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ҳамда шундан сўнг қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.
Бинобарин, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Бу борада, давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклигини қайд этиши бежиз эмас. Шу нуқтаи назардан унга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Б. ТЕМИРХАНОВА,
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қорақалпоқстон ҳудудий филиали
коррупцияга қарши курашиш ва
комплаенс назорат бўлими
етакчи мутахассиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги