Буюк аллома Абу Райҳон Беруний туғилган кунининг 1050 йиллигига бағишланган “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Беруний туманида тантанали кутиб олинди.

Республика маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Миср, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Озарбайжон, Тожикистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Швеция, Россия Федерацияси, Афғонистон каби давлатлардан ҳам олимлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Берунийнинг рамзий қабрини зиёрат қилиб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди. Яхши ниятлар билан дарахт кўчатларини ўтқазди.  Меҳмонлар туман марказидаги олим монументига ҳам ташриф буюрди. Туман марказидаги Маданият саройида олим ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган китоблар ҳамда расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Шундан сўнг “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Тадбир иштирокчиларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев қутлаб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли, уларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишларга, ўтказилаётган анжуманнинг аҳамиятига тўхталди.

Шундан сўнг “Марказий Осиё алломалари жаҳон цивилизациясида: Абу Райҳон Беруний илмий мероси”, “Абу Райҳон Берунийнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси”, “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳоншумул аҳамияти” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Берунийнинг илмий ижодини янада чуқур ўрганиш, бу борада дунё олимлари билан ҳамкорликда иш юритиш борасида катта амалий ишлар бажарилмоқда. Жорий йилнинг 25 августида давлатимиз раҳбарининг “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Беруний ижоди нафақат Марказий Осиёда, балки дунёда кенг тадқиқ қилинишининг ўзи буюк олимнинг илм соҳасидаги ўрганишлари ва асарларининг кенг қамровли эканлигини кўрсатади. Берунийшунос олимлар томонидан олиб борилган изланишлар ва ўрганишлар натижасида қомусий олимнинг ўрганмаган соҳаси кам эканлигини кўриш мумкин. Бундан 10 аср муқаддам ёзиб қолдирган ва тарих варақларида муҳрланган асарлар бугунги илм-фаннинг буюк ютуқларига  асос бўлмоқда.

Туман марказидаги Амфитеатрда олим таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган гала концерт бўлиб ўтди.

Халқаро илмий-амалий конференция ҳамда илмий-маърифий тадбирлар иштирокчилари Хоразм вилоятига жўнаб кетди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА