Уч кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида буюк аллома Абу Райҳон Беруний туғилган кунининг 1050 йиллигига бағишлаб “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда илмий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади.

Ўзининг ноёб асарлари ҳамда оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, илк Ренессанс даврининг ёрқин намоёндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 августда “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

25 сентябрь куни илмий-амалий конференцияда иштирок этадиган хорижий ва маҳаллий олимлар Нукус халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Тадбир иштирокчилари И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида халқ амалий санъати билан яқиндан танишди.

Бугун Беруний туманида “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция,  унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган китоблар ва расмлар кўргазмаси, Беруний туманидаги “Ақчахан қалъа” маданий мерос объектида олиб борилаётган археология ишлари тақдимоти, Абу Райҳон Беруний тарихий драма премьераси намойиши ҳамда Амфитеатрда олим таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган гала концерт бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА