Самарқандда жорий йил 16 август куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг йиғилиши ҳамда Туркий дунё тиббиёт конгресси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Озарбайжон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният, Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тилек Мамадалиев, шунингдек, Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Марсел Миннуллин иштирок этди.
Тадбирларнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади.
Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро нуфузи ошиб, унга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида турли соҳаларга оид кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисига юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу йўналишда давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаш, кўмаклашишга асосланган ҳамкорлиги натижасида тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалмоқда.
Конгрессда соғлиқни сақлаш вазирлари сўзга чиқиб, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўз мамлакатларида тиббиёт соҳасида эришилаётган натижалар ҳақидаги фикрларини билдирди. Янги ташаббус ва ғоялар ўртага ташланди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур тадбирларнинг Мовароуннаҳр заминида туғилиб ўсган тиб илмининг султони, замонавий медицина асосчиси, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино таваллуд кунида ўтказилаётгани тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади. Зеро, аллома аждодимизнинг бундан минг йил аввал касалликларни аниқлаш, даволаш ва уларнинг олдини олиш бўйича берган кўрсатмалари бугун ҳам ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва долзарблигини йўқотгани йўқ. Бунга бутун инсоният такрор-такрор гувоҳ бўлмоқда.
– Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида кенг кўламли трансформация жараёнлари бошланган, – деди А.Иноятов. – Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги 7 йилда тизимни ислоҳ этиш бўйича 200 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Тиббиётга ажратилаётган маблағлар миқдори олти баробарга оширилиб, салкам 30 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Давлат томонидан бепул кўрсатиладиган “кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми” энг кўп учраётган касалликлар ва мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди. Тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги уч мингдан ортиқ тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси янгиланиб, тиббий ходимлар салоҳияти ошиб бормоқда. Бирламчи тиббиётни аҳолига яқинлаштириш мақсадида биргина 2022 йилда 136 поликлиника ва 1300 маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, уларнинг сони 2086 тадан 3522 тага етказилди. Натижада 4,5 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди. 25 ихтисослаштирилган марказ ва уларнинг 14 ҳудуддаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби юқори технологик операциялар вилоятлар, ҳатто туманлар даражасида муваффақиятли бажарилиши йўлга қўйилди. Ҳукумат кафолати остида юртимизда тиббиёт соҳаси бўйича умумий қиймати 877 миллион АҚШ долларига тенг 11 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда тиббий таълим тўлиқ трансформация қилинмоқда. Тиббиёт мутахассисларига қўйилган амалдаги талаблар халқаро стандартлар даражасида қайта ишлаб чиқиляпти ҳамда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш (лицензиялаш)нинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Конгрессда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби, аъзо давлатлар ва Татаристон соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарияти “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон – Туркия тиббиёт форуми ўтказилди. Унда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари, тиббиёт олий ўқув юртлари, етакчи даволаш-профилактика муассасалари, хусусий клиникалар, фармацевтика компаниялари раҳбарлари ва олимлар иштирок этди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида амалдаги меморандум мавжуд. Унга мувофиқ, 2019 йил декабрь ва 2022 йил март ойларида Туркия соғлиқни сақлаш вазири юртимизга ташриф буюрди, 2019 йилда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари бўйича биринчи Ўзбекистон – Туркия форуми бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда Туркия томонидан анъанавий равишда “Соғлиқни сақлаш ҳафталиги” ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида офтальмология, кардиология, гинекология, ЛОР, умумий жарроҳлик ва урология йўналишлари бўйича шифокор маслаҳатлари, операциялар ва тренинглар ўтказилди.
Қардош мамлакат кўмагида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги перинатал марказлари ва туғуруқ мажмуалари зарур жиҳозлар билан таъминланди. Туркиянинг Башкент университети ректори, Жаҳон трансплантологлари жамияти президенти Меҳмет Хаберал бошчилигида илк бор кичик ёшли беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Туркия Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқ билимлари университети ўртасида имзоланган шартнома доирасида Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт фанлари факультети ва Малакали тиббий хизматлар олий мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Яқинда Тошкент шаҳрида фаолиятини бошлайдиган Ҳамширалар академиясида Соғлиқ билимлари университетининг ҳамширалик иши факультетини очиш режалаштирилган.
Туркия томони Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг трансформациясини қўллаб-қувватлаш, соҳада ахборот тизимларини жорий этиш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини Туркия модели асосида ташкил этиш, тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш, соҳа кадрларини ўқитиш, малакасини ошириш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Форум якунида икки давлат тиббиёт муассасалари, соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ва уларнинг клиникалари, хусусий сектор корхоналари ва фармацевтика компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилиб, меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирларининг учрашувида вазирлар томонидан ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан муҳим таклифлар билдирилди. Жумладан, Ўзбекистон томони ташкилотга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қардош давлатлар тиббиёт олий таълим муассасалари алоқаларини мустаҳкамлаш, Туркий тиббиёт олий таълим муассасалари ассоциациясини тузиш, ташкилотга аъзо давлатларнинг тиббиёт соҳасида берилган дипломлари ўзаро тан олинишини таъминлаш, Туркий давлатлар тиббиёт форумини ўтказиш билан боғлиқ таклифларни илгари сурди.
Халқаро тадбир доирасида тиббиёт кўргазмаси ташкил этилди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири