Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10 август куни иқтисодиёт ривожи, маҳаллалар ҳаёти, саноат корхоналари ва янги ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Қуръон оятлари тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.

Диний уламо билан суҳбатда ёшлар таълим-тарбияси, ислом маърифати ҳақида сўз борди. Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, бандлигига кўмаклашиш, муҳтож оилаларни алоҳида меҳр-эътиборга олиш муҳимлиги таъкидланди. Шу ерда мажмуа атрофида режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига Тоқимиёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлакни тиклаш, Дониёлбий мадрасасини таъмирлаш, таҳоратхона ва музей барпо этиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари зиёрат туризми учун шароитларни кенгайтириш, хориждан Бухорога тўғридан-тўғри қатновлар ва меҳмонхона ташкил этиш, қабристонни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Когон туманидаги “Сиёвуш текстиль” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу жой илгари унумсиз, бўш турган майдон эди. Тадбиркорларга шароит яратиш мақсадида ҳудуд “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасига киритилган. Зарур инфратузилма барпо этилгач бу ерда саноат ривожланди. Хусусан, “Сиёвуш текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг 36 миллион долларлик лойиҳаси ўтган ойда ишга тушди. Унда йилига 40 минг тонна акрил ип-калава йигириш қуввати ҳамда 600 иш ўрни яратилди.

– Бу Янги Ўзбекистондаги янги йўналиш, – деди Шавкат Мирзиёев. – Юртимизда тўқимачилик саноати ривожланяпти. Агар корхоналар қўшилган қиймат яратиб, даромадини ошираман деса қисман акрил ишлатишига тўғри келади. Ундан тайёрланган маҳсулот қиймати 5 баробар ошади. Бу – манфаатдорлик, барқарорлик, одамларга иш ўрни, дегани. Шунинг учун давлат пахтани қайта ишлашга қанча кўмакдош бўлган бўлса, энди сунъий тола ишлаб чиқаришга ҳам шундай ёрдам беради.

Корхонада лойиҳанинг биринчи босқичи иш бошлаган. Айни пайтда хорижлик ҳамкорлар билан корхона фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, кейинги босқичда акрил тола ҳамда ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилади. Жами иш ўрни сони 1 минг 200 тага етади.

Президентимиз “Бухоро Агрокластер” тизимидаги бир қатор корхоналар фаолияти билан ҳам танишди.

Хусусан, Бухоро шаҳридаги “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” корхонасида сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. 6,2 миллион доллар инвестиция эвазига қаровсиз майдонда барпо этилган мажмуага Италия ва Россиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 2021 йилда очилган корхонада бугунги кунда йилига 22 минг тонна сут қайта ишланмоқда. Ундан тайёрланаётган кефир, сут, пишлоқ, йогурт, қаймоқ, сметана каби маҳсулотларнинг тури қирқдан ортиқ. Корхонада 150 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланган. Президентимиз бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди.

Иш кўлами ва даромаднинг ортиши кластер фаолиятининг кенгайишига хизмат қилади. Мажмуа ҳудудида янги иншоотлар қурилди. Хусусан, корхона тизимида ер майдонлари унумдорлигини аниқлаб берувчи замонавий лаборатория ишга туширилди. У Германиянинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган. Бу ерда тупроқ таркибидаги қирқдан ортиқ сув таркибидаги ўнга яқин кўрсаткичларни аниқлаш имконияти мавжуд. Бухоро вилояти экин майдонларининг шўрланганлик даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Ҳосилдорликка эришиш учун тупроқ таҳлили ниҳоятда зарур. Бу лабораторияда тупроқнинг кимёвий таркиби ўрганилиб, шу орқали ўсимликларнинг минерал ва органик ўғитларга бўлган талаби аниқланади. Тупроқ хоссалари, шўрланиш даражаси ҳам ўрганилади. Унинг натижалари асосида ерни меъёрлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Бу ерда шакллантирилган маълумотлар корхонанинг яна бир лойиҳаси – “Agro Smart Map Uz” платформасига юклаб борилади. Шу маълумотлар асосида ер эгалари керакли агротехнологик тавсиялар олади. Давлатимиз раҳбари лабораториядаги шароитлар билан танишди. Президентимизга “Бухоро Агрокластер”нинг бошқа лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбари Бухоро вилояти Ромитан тумани Қаҳрамон маҳалласи аҳолисининг турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Бу ерда 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли яшайди. Маҳалланинг драйвери ҳунармандлик ва иссиқхона хўжалиги, десак муболаға бўлмайди. 200 гектар майдондаги иссиқхоналарда бозорбоп сабзавотлар етиштириб сотилади. Шунингдек, мебелсозлик, тикувчилик, зардўзлик яхши ривожланган.

Президентимиз шу ерлик Халил Қобилов ва Гулбаҳор Тўхтаевалар хонадонида бўлди. Қўни-қўшнилар, оқсоқоллар йиғилиб, самимий давра қурилди.

Маҳалла раиси ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Маҳаллада ўндан ортиқ савдо дўкони, тикувчилик устахоналари, меҳмонхона ва ресторанлар бор. Уларда маҳаллий ёшлар ишлаб, даромад топмоқда. Умуман айтганда, маҳаллада ишсиз одам йўқ, ўтган даврда биронта жиноят содир этилмаган. “Обод маҳалла” дастури асосида инфратузилма яхшиланган. Хусусан, ички йўллар асфальтланиб, пиёдалар йўлаклари қурилган. Трансформатор ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланган.

– Одамларга нима куч беради? Ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида кўриш. Бугун одамларимиз шундай руҳ билан эртанги кунга интиляпти. Ҳаракат қилган оиланинг бири икки бўляпти. Халқимиз бизга катта ишонч билдирди. Янгича ўзгаришлар, янги ташаббусларни кутяпти. Бу жуда юксак масъулият, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда нуронийлар ёшлар тарбияси, туман ривожи бўйича ўз таклифларини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ромитан туманидаги “WBM Romitex” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу корхона миқёси ва салоҳияти жиҳатидан улкан имкониятларга эга. Лойиҳа қиймати 93 миллион доллардан зиёд. Унинг жами ҳудуди 20, ишлаб чиқариш майдони 7 гектарни ташкил этади. Корхонага Туркия ва Германиядан илғор ускуналар келтириб ўрнатилган. Шу тариқа йилига 25 минг тонна ип-калава тайёрлаш қуввати ва 1000 иш ўрни яратилган.

– Ромитан шароитида бундай корхонанинг бўлиши қувонарли. Бунга давлат инфратузилма, маблағ, имконият жиҳатидан кўмаклашди. Энг катта натижа – минг нафар хотин-қизлар ишли бўлгани, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бундай корхоналарга катта мадад бўлди. Жумладан, уларга револьвер кредитлаш асосида айланма маблағ ажратилгани ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида тайёр мато ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Муҳими, бу туфайли уч мингга яқин иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари маҳсулотлар тури ва сифатини ошириб, экспортни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг Ромитан туманида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда дастлаб Бухоро вилоятидаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими ўтказилди. Булар – Вобкент туманидаги “Вобкент тола кластер”, Қоракўл туманидаги “Қоракўл кумуш калава”, Қоровулбозор туманидаги “Бухоро реал мото”, Бухоро шаҳридаги “Экваториал чодак”, Когон шаҳридаги “Кончи” ва “Пром текстиль”, Ғиждувон ва Пешку туманларидаги ёғ-мой корхоналари, Бухоро шаҳридаги меҳмонхона ва Бухоро туманидаги тиббиёт бирлашмасидир.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, ушбу мажмуаларни ишга туширди. Шундан сўнг Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари, бу борада йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар муҳокама қилинди. Аввало, иқтисодий кўрсаткичлар қайд этилиб, қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилнинг олти ойида Бухорода саноат 5,3 фоизга ўсган. Жами экспорт 124 миллион долларни ташкил этган. Шу даврда 250 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 бараварга ошган. Лекин айрим шаҳар ва туманларда бу кўрсаткичлар тушган.

Йил якунига қадар 858 лойиҳа ишга туширилиб, 15 мингта иш ўрни яратилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, 250 минг аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Саноатда импортни 150 миллион долларга қисқартириб, экспортни 400 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Вилоятнинг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиб, 25 минг аҳолининг бандлиги ва 300 миллион доллар экспорт тушумини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Зариф КОМИЛОВ,

ЎзА мухбирлари